Собиқ мудофаа вазири Федоров Зеленскийга қарши сайлов ўтказишга чақирди
Олам
−
09:21 2284 2 дақиқа
Украинанинг яқинда лавозимидан озод этилган собиқ мудофаа вазири Михайло Федоров мамлакатда уруш давом этаётганига қарамай президентлик сайловларини ўтказишга чақирди. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
Қайд этилишича, Федоров кеча, 18 август куни кечқурун интернетда эълон қилинган 9 дақиқалик видеомурожаатида Украина “узоқ давом этаётган уруш шароитида ҳам тўлиқ демократик жараённи тиклаши” кераклигини айтган.
“Демократия Россия томонидан гаровга олиниши мумкин эмас. Биз айнан эркин Европа давлати бўлиб қолишни истаганимиз учун курашяпмиз”, деган у.
Собиқ вазир Президент Владимир Зеленскийнинг номини тилга олмаган бўлса-да, мамлакатда давлат бошқаруви самарасиз ишлаётгани ва миллий фавқулодда ҳолатга қарамай коррупция муаммоси ҳал этилмаётганини танқид қилган.
“Одамлар қарорлар нима учун қабул қилинаётганини тушунмайдиган ҳолатда чексиз яшай олмайди. Нега айрим ислоҳотлар олдинга силжийди, бошқалари эса тўсиб қўйилади”, деган Фёдоров.
У Украина уруш олиб бориш билан бир вақтда умуммиллий сайлов ҳам ўтказиши мумкинлигини таъкидлаган.
“Жамиятда лавозимга тайинлашнинг асосий мезони профессионаллик, натижа ёки мамлакатни ўзгартириш қобилияти эмас, балки тизимга шахсий садоқат деган тушунча пайдо бўлиши, айниқса хавфли”, деган сиёсатчи.
Украинада Россиянинг кенг кўламли босқини бошланганидан кейин ҳарбий ҳолат жорий этилган ва шу пайтдан бери сайловлар тўхтатилган. Зеленскийнинг 5 йиллик президентлик муддати 2024 йил май ойида тугаган, аммо уруш давом этаётган бир пайтда Украинада сайлов ўтказишга талаб кучли бўлмаган.
АҚШ Президенти Дональд Трамп ҳам аввалроқ Украинада сайлов ўтказилишини талаб қилган эди. Бироқ унинг Зеленский билан аввал кескин бўлган муносабатлари сўнгги бир йилда Киев жанг майдонида ўзини ҳимоя қила олишини кўрсатгани сайин яхшиланган.
Таҳлилчининг айтишича, Украина жамиятида сайловлар зарур, аммо улар урушнинг фаол босқичи тугаганидан кейин ўтказилиши керак, деган “чуқур илдиз отган қараш” мавжуд.
Эслатиб ўтамиз, Федоров шу ойда мудофаа вазири лавозимидан озод этилганди ва бу қарор Украинада уруш давридаги камсонли норозилик намойишларига сабаб бўлганди.
Украина Президенти Владимир Зеленский унга бошқа лавозимларни таклиф қилган, аммо Федоров аввалги вазифасидан бошқа ҳеч қандай давлат лавозимини қабул қилмаслигини билдирган.
Шунингдек, Италия Мудофаа вазири Гуидо Крозетто ҳам Федоровга ўзининг маслаҳатчиси сифатида ишлашни таклиф қилганди.
Live
Барчаси