Зеленский Бош вазирликка номзод кўрсатди ҳамда Мудофаа вазирини ишдан олди
Олам
−
09:20 5740 4 дақиқа
Украина Президенти Владимир Зеленский давлатнинг энергетика компанияси раҳбарини Бош вазир лавозимига тавсия қилди, шунингдек, урушнинг ҳал қилувчи босқичида Мудофаа вазирини ҳам алмаштиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда “Reuters” хабар қилди.
Қайд этилишича, Президент Владимир Зеленский кеча, 15 июль куни давлатга қарашли “Нафтогаз” компанияси раҳбари Сергий Корецкийни Украинанинг янги Бош вазири лавозимига тавсия қилган. Шу билан бирга, парламент депутатлари давлат раҳбари Мудофаа вазири Михайло Федоровни ҳам алмаштиришни режалаштираётганини маълум қилган.
Айрим депутатлар ва таҳлилчилар Федоровнинг лавозимдан кетишидан хавотир билдириб, бу Украина армияси Россиянинг нефть саноатига зарба бераётган ва Москва қўшинларининг фронтдаги илгарилашини секинлаштираётган бир пайтда мамлакатнинг ҳарбий салоҳиятига салбий таъсир кўрсатишини таъкидлаган.
Киевда журналистлар билан мулоқотда Зеленский давлатнинг “Нафтогаз” компанияси бош директори Сергий Корецкийни Бош вазирлик учун энг муносиб номзод деб атаган. Унинг сўзларига кўра, Украина учун энг муҳим вазифа қиш мавсумига тайёргарлик кўришдир.
“Устувор вазифалар аниқ – қишга тайёргарлик. Шунинг учун барча маслаҳатлашувлардан кейин Сергий Корецкий Украина Бош вазири лавозими учун энг тайёр номзод эканига ишончим комил”, деган Зеленский.
Манбага кўра, Свириденконинг истеъфоси амалда бутун ҳукуматнинг тарқалишига олиб келган. Украина қонунчилигига кўра, Бош вазирни парламент тасдиқлайди. Зеленскийнинг “Халқ хизматкори” партияси парламентда кўпчиликка эга бўлгани учун унинг номзоди маъқулланиши кутилмоқда.
Шу билан бирга, асосий эътибор ҳукуматнинг мудофаа соҳасига қаратилди. Парламент депутатлари Президент билан учрашувдан сўнг ижтимоий тармоқларда Зеленский 2023 йилдан буён Ички ишлар вазири бўлиб ишлаётган Игор Клименкони Мудофаа вазири этиб тайинлашни режалаштираётганини ёзган. “Халқ хизматкори” партияси депутати Ольга Василевская-Смаглюк ҳам Клименконинг номзоди илгари сурилишини тасдиқлаган.
Федоровга ҳукуматда бошқа лавозим таклиф этиладими-йўқми, ҳозирча маълум эмас. У олти ойлик фаолияти давомида Украина армиясини самаралироқ кучга айлантиришга қаратилган кенг қамровли ислоҳотларни бошлаган эди. Айрим депутатлар Федоровни алмаштириш Украинанинг урушдаги имкониятларига ёрдам бермаслигини айтган.
Парламентнинг Ташқи ишлар қўмитаси раиси Александр Мережко бу қарордан норози эканини билдирган.
“Федоров халқаро ҳамкорларимиз орасида катта ҳурматга эга. Унинг номи Мудофаа вазирлигида ҳақиқий ислоҳотлар умиди билан боғланган эди”, деб ёзган у.
Кўнгиллилар ҳаракати ва дронлардан фойдаланиш бўйича фаол Мария Берлинская эса Федоровнинг алмаштирилишини “Президент Зеленскийнинг энг катта хатоларидан бири” деб атаган.
“Президентнинг бу қарори бизга шунчаки зарар етказмайди, балки жуда катта йўқотишларга сабаб бўлади. Бунинг баҳоси юз минглаб одамларнинг ҳаёти ва саломатлиги бўлади, балки ундан ҳам кўпроқ”, деган у.
Федоров эса Telegram орқали мурожаатида Украинага хизмат қилиш ўзи учун “катта шараф” бўлганини таъкидлаган. У амалга оширилган ишлар қаторида дронларга сармояларни кўпайтириш ва ҳарбий харидлар тизимини янгилашни санаб ўтган. Унинг айтишича, ҳали бажарилиши лозим бўлган вазифалардан бири “Мудофаа вазирлигини НАТО стандартлари ва соғлом ақл тамойиллари асосида ўзгартириш” ҳисобланади.
Қайд этилишича, бу ўзгаришлар Украинада Зеленскийнинг уруш давридаги раҳбарлигига нисбатан жамоатчилик ва парламент ишончига янада салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Айни пайтда мамлакат ҳаво мудофааси воситалари ва шахсий таркиб етишмаслиги каби жиддий муаммоларга ҳам дуч келмоқда.
Федоров тарафдорларининг айтишича, унинг мудофаа харидлари тизимини шаффофлаштиришга қаратилган ислоҳотлари айрим таъсир доираларининг норозилигига сабаб бўлган. Шунингдек, у ҳарбий хизматга жалб қилиш тизимини ислоҳ қилиш бўйича ваъдаларни тез бажармагани учун ҳам танқид қилинган.
Маълумот ўрнида, Украинада рақамли трансформация бўйича илк вазир сифатида Федоров давлат хизматларини кенг қўлланиладиган ягона иловага жамлашга муваффақ бўлган. Мудофаа вазири сифатида эса у дронлар харидини кенгайтириш ва Россия қўшинларини ресурс жиҳатидан заифлаштиришга қаратилган маълумотларга асосланган стратегияни амалга оширгани билан эътироф этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Зеленский Бош вазир Юлия Свириденкони бир йил ишлаганидан сўнг лавозимидан озод қилганди. Кейин эса Парламент унинг истеъфосини қабул қилган ва янги Бош вазир номзодини бугун, 16 июль куни кўриб чиқиши кутилмоқда. Президент бу қарор сабабларини батафсил изоҳламаган, фақат раҳбариятни янгилаш мақсад қилинганини айтган.
Live
Барчаси