“Снос” бўйича ҳақиқатан ҳам шармандали ишлар бўлди – Ортиқова

Интервью 10125

Аввалроқ, QALAMPIR.UZ Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари Светлана Ортиқова билан суҳбатлашгани ҳақида хабар берган эдик. Ушбу суҳбатда Светлана Ортиқова мамлакатдаги “снос”лар, унинг ортидан чиққан можароларга ҳам тўхталди. Журналист Қамариддин Шайхов Бош прокурор ўринбосарига 2019 йилда “снос”лар билан боғлиқ жиддий воқеалар юз бергани, шикоятлар кўпайгани, аммо бу вазиятда Ортиқова майдонга чиқмагани сабабини сўради. 

Қамариддин Шайхов: — Мана, шунча “снос”лар, шунча мулк ҳуқуқи билан боғлиқ муаммоларни кўряпмиз. Қани бугунги замоннинг Ортиқовалари, қани Ортиқова? 

Светлана Ортиқова: — Бор. 

Қ.Ш.: — Куни кеча Адлия вазиримиз айтдилар: Ўзбекистонда “снос” 2019 йилни жумбушга келтирган воқеа бўлди. 

С.О.: — Тўғри. Лекин қанча одамларнинг ҳуқуқи тикланганини ҳам айтинг. Шу битта камчилигини топсак-да... Битта эмас, “снос” бўйича ҳақиқатан ҳам шармандали ишлар бўлди. Ўзбекистон учун, Тошкент шаҳри учун...

Шармандагарчилик. Нима дейсиз энди? Лекин компенсация пули бюджетнинг елкасига тушяпти-ку. Келинг, коррупцияни камайтирайлик, иқтисодни кўтарайлик. 

 

Қ.Ш.: — Компенсация тўланиши, Президент буни қарор билан мустаҳкамлаб қўйганидан кейин бошланди. 

С.О.: — Шунинг учун сиз билан биз Президентга ёрдамчи, кўмакдош, елкадош бўлишимиз керак. Қачон бу бизнинг миямизга муҳрланади? Қани, мана шу саволга жавоб беринг, қачон? Муҳрлангандан кейин зўр бўлади. Бу учун Президент алоҳида қарор чиқаришлари ҳам керак бўлмайди. Ўзидан-ўзи тизим ишлайди. Ортиқова ишлайдими, Йўлдошев ишлайдими, прокуратура ўзи ишлайди, бюджет тўлади, солиқлар вақтида тўланади, мажбурий ижро бюроси ҳам керакмас бўлади.  Лекин яқин тарихни, узоқ тарихни, 27 йилликдаги ўтмишни ҳам эсдан чиқармаслик керак. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йилнинг 3 август куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида Хоразм, Фарғона ва Қашқадарёдаги “снос”ларни қоралаб, ҳокимлар Фарҳод Эрманов, Шуҳрат Ғаниев ва Зафар Рўзиевнинг халқдан узр сўраши кераклиги ҳақида гапирган эди. Ўша йиғилишда давлат раҳбари Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Ариповга ва Президент Администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддиновга юзланиб, “Бу масалалар ҳали тинчигани йўқ. Шунинг учун Арипов ва Низомиддиновга топшириқ: қайси вилоят ҳокимини ишдан олиш бўйича таклиф берасизлар”, деган эди.

Шунингдек, 2019 йилнинг 20 июль куни соат 17:30 ларда 1976 йилда туғилган Яккабоғ тумани ҳокими ўринбосари Мансур Туймаев. “Ҳисор Сарлочин” МЧЖга тегишли савдо дўконларини бузиш ишларини ташкиллаштираётган вақтда мазкур жамиятда ишловчи, 1963 йилда туғилган фуқаро Бахриддин Исомов ўзига тегишли савдо дўконини бузилишига фаол қаршилик кўрсатиб, Мансур Туймаевнинг юз қисмига елим идишда бўлган бензин ёқилғисини сепиб, уни ёқиб юборган.

Мазкур ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатилиб, иш судга юборилди ва 18 октябрь куни суд ҳукми эълон қилинди

Мазкур суҳбатда Светлана Ортиқова қуйидагилар ҳақида ҳам гапирган: 

•    Прокуратура органларидаги порахўрлик;

•    2005 йилда юз берган Андижон воқеаларида қуролланган ҳарбийлар тинч аҳолига ўқ узгани;

•    Судлардаги ноҳақликлар ва судьяларни лавозимга тайинлашдаги иштироки;

•    Ҳамон икки хонали квартирада яшаши;

•    Сенатнинг қўмита раиси лавозимига тайинланганида йиғилишга Mercedes'да, аммо қизининг кофтаси, синглисининг костюмида оч боргани, уйи ёниб кетгани;

•    Куч ишлатар тузилмалар ўртасида лидерлик ва авторитетга бўлган интилиш;

•    Порахўрликда айбланган собиқ Бош прокурорлар;

•    Аввалги даврда тили боғлиқ бўлгани;

•    Мамлакатда жиноятчиликни яшириш ҳолатлари ҳақида очиқ гапирди. 

Ушбу видеоинтервьюнининг тўлиқ шаклани QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.  

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 114
Рейтинг: 4.2
t
×