Президент қонунга хилоф “снос”ларни тўхтатишни гапирди
Жамият
−
08 Декабрь 2019
6277"Ҳеч кимнинг Қонунни бузишга ҳаққи йўқ. Ким бўлишидан қатъий назар. Лекин минг афсус, жойларда бу нарсаларга ҳали эътибор йўқ. Йўқ жойдан муаммо чиқаяпти: "Уйни бузиб кетди", "Жойимни бузиб кетди", "Бузилган жойнинг пули тўланмади". Нега тўланмади? Қонун бор-ку? Ҳали биз қонун устуворлигини таъминлай олмаяпмиз, десак, бу ҳам адолатдан бўлади", дейди Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон раҳбари бу ҳақда кеча, 7 декабрь куни мамлакат Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллиги муносабати билан ўтказилган тантанали маросимда гапирди.
"Ҳудудлардаги экин майдонларида рухсатномасиз, ўзбошимчалик билан қурилиш қилиш, бино-иншоотларни бетартиб бузиш каби нохуш ҳолатлар қонунлар ижросини назорат қилиш ишлари оқсаётганидан далолат беради. Шу боис Парламент, Ҳукумат ва Олий суд қабул қилинаётган қонунлар ижросини таъминлашнинг самарали механизмларини қўллаши зарур.
Бу борада кадрларни ўқитиш ва малакасини оширишга, ҳуқуқий ахборотни замонавий усуллар орқали кенг оммага етказишга, қонунларни билиш ва қўллаш бўйича мутасадди раҳбарлар фаолиятини баҳолаш мезонларини ишлаб чиқишга биринчи даражали эътибор қаратиш лозим", дейди давлат раҳбари.
Президент "снос" масаласини гапираркан, бу йил бу каби ҳолатлар кун тартибига чиқиб, одамларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлганини қўшимча қилади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилда "снос"лар масаласида Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев, Хоразм вилояти Фарҳод Эрманов, Қашқадарёнинг собиқ ҳокими Зафар Рўзиев Президентдан танқид эшитиб, уларга Ҳукумат томонидан йил охиригача муҳлат берилганди.