Қурилиш корхонасига ишонган фуқаро 7 йилдан буён бошпанасиз қолмоқда
Жамият
−
13:37
2806Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаро салкам 7 йилдан буён бошпанасиз қолгани бўйича қурилиш корхонаси устидан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)га шикоят қилди. Бу ҳақда Омбудсман ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 2018 йилда мурожаатчи яшайдиган кўп қаватли уй “снос”га тушган ва қурилиш фирмаси томонидан фуқарога 1 йил мобайнида 2 хонали уй ажратилиши бўйича кафолат хати ҳам тақдим этилган.
Лекин шартномада кўрсатилган кўп қаватли уй қуриб битказилган бўлсада, мурожаатчига тадбиркор томонидан ваъда қилинган уй шу кунга қадар ажратилмаган. 2022 йилда фуқарога ажратилган хонадон бошқа шахсга сотиб юборилган. Оқибатда фуқаро оиласи билан бошпанасиз қолган. Унинг тегишли давлат ташкилотларига қайта-қайта қилган мурожаати ҳам ҳеч қандай натижа бермаган.
"Мазкур мурожаат Омбудсман назоратига олиниб, ҳолат унинг Тошкент шаҳридаги минтақавий вакили томонидан ўрганилмоқда. Мазкур ҳолат бўйича тегишли ҳужжатлар тўпланиб, зарур таъсир чоралари тайёрланмоқда", дейилади хабарда.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисидаги Қонуннинг 10 моддасига кўра, вакил Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини бузаётган ташкилотлар ёки мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари ёхуд ҳаракатсизлиги устидан берган шикоятларини кўриб чиқади ва у ўз текширувини ўтказиш ҳуқуқига эга.
LiveБарчаси