Тошкент автобусларидаги қорайтирилган ойналар юзасидан тушунтириш берилди
Ўзбекистон
−
11:10 240 1 дақиқа
Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги автобуслар ойналарининг қорайтирилиши йўловчиларга ташқарини кўришда ноқулайлик туғдираётгани, айрим автобусларда эса бекатлар номини кўрсатувчи электрон таблолар ишламаётгани танқид қилинди. “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ ушбу мурожаатларга муносабат билдириб, ойналар нима мақсадда қорайтирилгани ва электрон таблоларнинг ҳолати бўйича изоҳ берди.
Компания маълумотига кўра, автобус ойналари ёзда йўловчиларни қуёш нурларининг бевосита таъсиридан ҳимоя қилиш, салоннинг ортиқча қизиб кетишининг олдини олиш ҳамда кондиционер самарадорлигини ошириш мақсадида махсус қорайтирилган. Бу орқали салондаги мўътадил ҳароратни сақлаш ва кондиционер ҳосил қилган салқинликни узоқроқ таъминлаш кўзланган.
Шу билан бирга, компания кечки пайт ва булутли об-ҳаво шароитида қорайтирилган ойналар йўловчиларга ташқарини кузатишда муайян ноқулайликлар туғдириши мумкинлигини ҳам тан олган.
Бундан ташқари, автобус салонларида ўрнатилган бекатлар номини кўрсатувчи электрон ахборот таблолари мунтазам назорат қилиб борилиши маълум қилинган. Қурилмаларда аниқланган техник носозликларни бартараф этиш ва уларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш бўйича чоралар кўрилмоқда.
“Тошшаҳартрансхизмат” жамоатчилик томонидан билдирилаётган таклиф ва эътирозлар транспорт хизматлари сифатини яхшилашда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаган. Компания улар инобатга олинишини билдирган.
Live
Барчаси