Давлетов “снос”лар муаммоси, Президент кўрсатган ечим ва ЖАР тажрибаси ҳақида
Жамият
−
18 Декабрь 2019
6675Тугаб бораётган йилда Ўзбекистонда энг кўп муҳокама қилинган масала – уй-жойлар ва хусусий тадбиркорларга тегишли объектларнинг ўзбошимчалик билан бузилиши бўлди, десак мублоаға бўлмайди. Бир неча қарорлар қабул қилнгани, масалага жиддий эътибор қаратилгани билан бу борадаги ишлар ҳали қонунчилик талаблари доирасида ўз изига тушгани йўқ.
Адлия вазири Руслан Давлетов “снос” ишлари ва хусусий мулкни тортиб олишлар бу йилги катта чақириқ бўлганини айтди. У жорий йилнинг 14 декабрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма бешинчи ялпи мажлисидаги нутқида бу жараёнга ўзгартириш киритилганини ҳам қўшимча қилди.
“2019 йил ҳуқуқни қўллаш нуқтаи-назардан бизнинг олдимизда жуда мураккаб бўлди. Бу йилда чақириқлар пайдо бўлди. Буни яширишнинг ҳожати йўқ. Биринчи навбатда “снос”лар масаласини айтиш керак. Йилнинг бошида бошлаб берган акциямизда 2,5 мингдан ортиқ мурожаатлар келиб тушди. 360та судларга мурожаат қилганмиз. 30 миллиард сўмлик компенсация бўйича мурожаат қилдик. 50та мансабдор шахс жавобгарликка тортилган. Кейин билдикки, бу айсбергнинг учи экан. Президентимиз аралашганидан сўнг, бу муаммолар батамом ечимини топди.
Ўйлаймизки, бу жараёнлар тарихга айланган бўлиши керак. Чунки тартиб янгиланди. Президентимиз томонидан ҳар бир ерни тортиб олиш бўйича қарор вазирлик томонидан ҳуқуқий экспертиза қилинишидан сўнг, кучга кириши белгиланди”, дейди Адлия вазири.
Адлия вазири шунингдек мулкни давлат ихтиёрига олиш бўйича Жанубий Африка давлати тажрибасини мисол келтирди.
“Хусусий мулк муҳимлиги бўйича битта мисол келтирмоқчи эдим. 1994 йилгача Жанубий Африка давлатида апартеид бўлган. Апартеид қулаганида катта ер-мулклар оқ танлилар ихтиёрида қолган. Бугунги кунгача шундай. 9 фоиз аҳолиси 72 фоиз ерга эгалик қилади. Лекин 90 фоиз аҳолиси, қора танлилар ижтимоий муаммога айланмоқда. Улар ерни тортиб олмоқчи. Халқи ҳам, ҳукумати ҳам буни хоҳлаяпти. Лекин қонун бунга йўл бермаяпти”, дейди Руслан Давлетов.