Сенат сафарбарлик тайёргарлиги тўғрисидаги қонунни маъқуллади

Ўзбекистон

−

visibility5259 timer6 дақиқа

image

Ўзбекистонда сафарбарликни эълон қилиш, давлат ва иқтисодиётни унга тайёрлаш, шунингдек, мудофаа эҳтиёжлари учун фуқаролар ҳамда тадбиркорларнинг мол-мулкидан фойдаланиш тартиби белгиланмоқда. Бу ҳақда Сенатнинг 21-ялпи мажлисида 27 ноябрь куни муҳокама қилиниб, маъқулланган “Сафарбарлик тайёргарлиги ва сафарбарлик тўғрисида”ги қонунда сўз боради. 

Ҳужжатни тақдим этган Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов мамлакат мудофааси нафақат ҳарбий хизматчилар, балки бутун давлат ва жамиятнинг умумий вазифаси эканини таъкидлаган.

Унинг сўзларига кўра, фавқулодда вазият ёки мамлакат хавфсизлигига жиддий таҳдид юзага келганда ёнилғи, озиқ-овқат, дори воситалари, транспорт ва алоқа воситаларига бўлган эҳтиёж кескин ортади. Бундай ҳолатларга олдиндан тайёргарлик кўрилмаса, қийинчиликлар нафақат ҳарбий соҳада, балки аҳолининг кундалик ҳаётида ҳам юзага келиши мумкин. 

Сенат сафарбарлик тайёргарлиги тўғрисидаги қонунни маъқуллади

Ўзбекистонда сафарбарликни эълон қилиш, давлат ва иқтисодиётни унга тайёрлаш, шунингдек, мудофаа эҳтиёжлари учун фуқаролар ҳамда тадбиркорларнинг мол-мулкидан фойдаланиш тартиби белгиланмоқда. Бу ҳақда Сенатнинг 21-ялпи мажлисида 27 ноябрь куни муҳокама қилиниб, маъқулланган “Сафарбарлик тайёргарлиги ва сафарбарлик тўғрисида”ги қонунда сўз боради. https://senat.uz/oz/plenary-sessions/post-6485

Ҳужжатни тақдим этган Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов мамлакат мудофааси нафақат ҳарбий хизматчилар, балки бутун давлат ва жамиятнинг умумий вазифаси эканини таъкидлаган.

Унинг сўзларига кўра, фавқулодда вазият ёки мамлакат хавфсизлигига жиддий таҳдид юзага келганда ёнилғи, озиқ-овқат, дори воситалари, транспорт ва алоқа воситаларига бўлган эҳтиёж кескин ортади. Бундай ҳолатларга олдиндан тайёргарлик кўрилмаса, қийинчиликлар нафақат ҳарбий соҳада, балки аҳолининг кундалик ҳаётида ҳам юзага келиши мумкин.

“Агар бундай вазиятда олдиндан тайёргарлик кўрилмаган бўлса, бу нафақат ҳарбий соҳада, балки аҳолининг кундалик ҳаётида ҳам жиддий қийинчиликларга олиб келиши мумкин. Шу боис мамлакат мудофаасига тайёргарлик таҳдид юзага келганидан кейин эмас, балки тинчлик даврида бошланиши керак”, дейди Бурҳонов.

Қонуннинг асосий янгилиги сафарбарлик тайёргарлиги ва сафарбарлик соҳасидаги муносабатларни ягона ҳужжат билан тартибга солиш, шунингдек, давлат органлари, ташкилотлар ва фуқароларнинг ваколат ҳамда мажбуриятларини аниқ белгилашдан иборат. Ҳужжатни ишлаб чиқиш вазифаси 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ҳам назарда тутилган эди.

Сафарбарлик қайси ҳолатларда эълон қилинади?

Қонунга мувофиқ, Ўзбекистонга ҳужум қилинган ёки халқаро шартнома мажбуриятларини бажариш зарурати юзага келган тақдирда умумий ёки қисман сафарбарлик эълон қилиниши мумкин. Умумий сафарбарлик мамлакатнинг бутун ҳудудини қамраб олади. Қисман сафарбарлик эса айрим ҳудудлар ёки тегишли тизимларга нисбатан жорий этилади. Сафарбарлик Ўзбекистон Президентининг фармони билан эълон қилинади. Фармон зудлик билан оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши ва уч сутка ичида Олий Мажлис палаталари тасдиғига киритилиши шарт. Қонун билан парламент палаталари ушбу масалани 72 соатдан кечиктирмай кўриб чиқиши белгиланмоқда.

“Ушбу нормалар сафарбарликни ўтказишда аниқлик, тезкорлик ва қонунийликни таъминлаш нуқтаи назаридан муҳимдир”, дейди қўмита раиси.

Иқтисодиёт ва давлат органлари ҳам олдиндан тайёргарлик кўради

Қутбиддин Бурҳонов сафарбарлик тайёргарлиги фақат фуқароларни ҳарбий хизматга чақиришга тайёрлаш билан чекланмаслигини таъкидлади. Унинг тушунтиришича, давлат бошқаруви, иқтисодиёт, транспорт, алоқа, соғлиқни сақлаш ва аҳолининг кундалик эҳтиёжларини таъминловчи тизимлар ҳам зарур вазиятларда ишлашга тайёр бўлиши керак.

“Бу давлат бошқаруви, иқтисодиёт, транспорт, алоқа, соғлиқни сақлаш ва аҳолининг кундалик ҳаётини таъминловчи тизимларни зарур вазиятларда ишлашга олдиндан тайёрлаш демакдир”, дея тушунтирган у.

Масалан, муайян маҳсулотни ишлаб чиқариш ёки етказиб бериш бўйича сафарбарлик топшириғи юклатилган корхонанинг бундай вазифани бажариш имкониятлари олдиндан ҳисобга олиниши лозим. Бунинг учун зарур ускуналар, хомашё ва кадрлар мавжудлиги текширилади.

Қонунда давлат сафарбарлик захирасини шакллантириш, энг муҳим маҳсулотлар захирасини яратиш, шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларининг сафарбарлик режаларини ишлаб чиқиш назарда тутилган. Ҳужжат Президент, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда ташкилотларнинг сафарбарлик тайёргарлиги соҳасидаги ваколат ва мажбуриятларини белгилайди. Ҳокимликлар ўз ҳудудларида сафарбарлик тадбирларини ташкил этиш, корхоналар билан ҳамкорлик қилиш ва зарур ресурсларни мувофиқлаштиришда иштирок этади.

Сафарбарлик топшириқлари юклатилган корхона ва муассасалар эса уларни бажариш режаларини ишлаб чиқиши ва зарур тайёргарликни тинчлик давридаёқ таъминлаши керак. Бунда ташкилот раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги белгиланмоқда.

“Яъни сафарбарлик тайёргарлиги қоғоздаги режалар билан чекланиб қолмасдан, амалда бажарилиши шарт”, дейди сенатор.

Ушбу тадбирларни молиялаштириш давлат бюджети, ташкилотларнинг маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилиши кўзда тутилган.

Қонун бир йилдан кейин кучга киради

Ҳужжатнинг 42-моддасига мувофиқ, қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 12 ой ўтгач кучга киради. Мудофаа вазирлиги вакили маълум қилишича, ушбу даврда қонунни амалга ошириш учун 10 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат, жумладан, Президент фармон ва қарорлари ҳамда Вазирлар Маҳкамаси қарорларини ишлаб чиқиш талаб этилади.

Сенат раиси Танзила Норбоева қонун “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган “хавфсиз ва тинчликсевар давлат” тамойилини амалга оширишга қаратилганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, ҳужжат мамлакат хавфсизлигини таъминлаш, мураккаб вазиятларда аҳолини ҳимоя қилиш, унинг ҳаётий муҳим эҳтиёжларини қондириш ва иқтисодиёт тармоқларининг барқарор ишлашини таъминлаш учун ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлайди.

Сенат раиси янги қонуннинг мазмун-моҳияти ва амалий жиҳатларини аҳолига тушунтириш зарурлигини ҳам қайд этган.

“Сафарбарликка тайёргарлик – бу урушни кутиш эмас, балки тинчликни сақлаш, халқ хавфсизлиги ва мамлакат барқарорлигини таъминлаш учун олдиндан чоралар кўришдир”, дейди Қутбиддин Бурҳонов.

Сенаторлар қонунни маъқуллаган. Энди ҳужжат имзолаш учун Президентга юборилади.

Шу пайтгача сафарбарликнинг умумий масалалари Конституция, “Мудофаа тўғрисида”ги, “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги қонунлар ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солиб келинган.

Ўзбекистон Конституциясининг 109-моддасига кўра, уруш ҳолатини, умумий ёки қисман сафарбарликни эълон қилиш ва тегишли қарорни уч сутка ичида парламент палаталари тасдиғига киритиш Президент ваколатига киради. “Мудофаа тўғрисида”ги қонуннинг 20-моддасида ҳам уруш ҳолати эълон қилинганда ёки фавқулодда ҳолат жорий этилганда умумий ёки қисман сафарбарлик эълон қилиш имконияти назарда тутилган.

Ушбу қонуннинг 17-моддасида эса фуқароларнинг уруш даврида ўзларига тегишли бинолар, иншоотлар, транспорт ва алоқа воситалари ҳамда бошқа мол-мулкни кейинчалик харажатлар қопланиши шарти билан мудофаа эҳтиёжлари учун тақдим этиш мажбурияти белгиланган. Янги қонун эса тинчлик даврида сафарбарликка тайёргарлик кўриш, алоҳида даврда давлат ва аҳоли эҳтиёжларини таъминлаш ҳамда сафарбарликни амалга ошириш билан боғлиқ муносабатларни биринчи марта комплекс тарзда тартибга солади.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг