Нархи ошаётган газ, ўчмаслиги ваъда қилинаётган “свет”, озодликка чиққан Одил қори, лавозимидан учган “катталар” – Ҳафта таҳлили

Таҳлил

−

Reklama
0:00

Суюнчи беринг, Ўзбекистонда  1 ноябрдан бошлаб иситиш ва иссиқ сув тарифлари ўртача 30 фоизга ошириляпти. Тошкентда 16 яшар қиз ўз уйида осилган ҳолатда топилди. Намангандаги боғчада 5 яшар қизчанинг жинсий зўрланиши ортидан педофилларга умрбод қамоқ жазосини беришга оид қонун Президент томонидан тасдиқланди. Саида Мирзиёева Туркияга бориб, Президент Эрдўған билан учрашиб қайтди, Шавкат Мирзиёев эса унга янги вазифа юклади. Тошкентнинг бирданига тўртта туманида ҳоким ўзгарди. Тошкент вилоятида ҳоким ўринбосари 25 минг доллар пора билан қўлга тушди. 

Тошент шаҳрида 16 яшар қиз ўз уйида осилган ҳолатда топилди. 

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг QALAMPIR.UZ’га маълум қилишича, 12 октябрь куни Тошкент шаҳри Олмазор тумани “Иброҳим ота” МФЙ, Чуқурсой кўчасида жойлашган хонадонда 2010 йил 17 августда туғилган қизнинг вафот этгани аниқланган.

Дастлабки маълумотларга кўра, унинг укаси уй эшиги қулфланганлиги сабабли балкон орқали хонадонга кирганида, опасини осилган ҳолатда кўрган. Ҳодиса жойига етиб борган тез тиббий ёрдам ходимлари унинг вафот этганини қайд этган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Намангандаги боғчада 5 яшар тарбияланувчи қизалоқ мактабгача таълим ташкилотининг омбор мудири томонидан зўрланиши ортидан мамлакатда болаларга нисбатан зўравонликка қарши жазо чораларини кучайтириш бўйича қадамлар ташланганди. Президент тугаётган ҳафтада 5 та кодекс ва 6 та қонунга ўзгартиришлар киритишни назарда тутувчи қонунни имзолади. 

Қонунга кўра, бундан буён 14 ёшга тўлмаган болага нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахсларга 25 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод қамоқ жазоси тайинланади. Бундай оғир жиноятлар бўйича жавобгарликка тортиш муддатида чеклов бўлмайди.

Узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш йигирма йилдан ортиқ, лекин йигирма беш йилдан кўп бўлмаган муддатга белгиланади ва фақат жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш (97-модданинг иккинчи қисми), ўн тўрт ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш (118-модданинг тўртинчи қисми), ўн тўрт ёшга тўлмаган шахсга нисбатан зўрлик ишлатиб, қўрқитиб ёки унинг ожизлигидан фойдаланиб, жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш (119-модданинг тўртинчи қисми), терроризм (155-модданинг учинчи қисми) учун тайинланиши мумкин.

Умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш (97-модданинг иккинчи қисми), ўн тўрт ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш (118-модданинг тўртинчи қисми), ўн тўрт ёшга тўлмаган шахсга нисбатан зўрлик ишлатиб, қўрқитиб ёки унинг ожизлигидан фойдаланиб, жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш (119-модданинг тўртинчи қисми), терроризм (155-модданинг учинчи қисми) учун белгиланади.

Бундан ташқари, Жиноят-процессуал кодексига киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, жинсий зўравонликка оид жиноят ишлари бўйича вояга етмаган жабрланувчи ва гувоҳларга давлат ҳисобидан адвокат ажратилади. 

Қолаверса, Жиноят кодексининг 276–10-моддасига ўзгартириш киритилмоқда. Энди вояга етмаганларни спиртли ичимликлар ёки ақлий-иродавий фаолиятга таъсир этувчи восита ва моддаларни истеъмол қилишга жалб этганлик учун, шундай қилмиш учун аввал маъмурий жазо қўлланилганидан кейин, жарима миқдори юз ва икки юз баравардан бир юз эллик (66 млн сўм) ва икки юз эллик (110 млн сўм) бараваргача оширилди. Бундан ташқари, шундай қилмиш учун 360 соатдан 400 соатгача мажбурий жамоат ишлари, уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди. Бунгача озодликдан маҳрум қилишнинг энг юқори муддати уч йилни ташкил этарди.

Шу билан бирга, вояга етмаган шахсларни гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналоглари, шунингдек, кучли таъсир қилувчи моддаларнинг алоҳида тоифасини истеъмол қилишга жалб этганлик учун озодликдан маҳрум қилиш жазоси 3–5 йилдан 5–7 йилгача оширилди. Агар жиноят такроран, икки ёки ундан ортиқ вояга етмаган шахсга нисбатан ёки таълим муассасаси ҳудудида содир этилса, шунингдек, инсон ўлими ёки бошқа оғир оқибатларга олиб келса, 7 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилади. Аввал бундай ҳолатлар учун 5 йилдан 10 йилгача қамоқ жазоси назарда тутилганди.

Ўзбекистон 2030 йилгача электр энергияси бўйича 22 минг мегаватт янги қувватларни яратмоқчи. Ваъда қилинишича, натижада электр энергияси ишлаб чиқаришнинг йиллик ҳажми 129 миллиард киловатт-соатдан ошади, қайта тикланувчи энергия улуши 54 фоизга етади. Президент Шавкат Мирзиёев тугаётган ҳафтада ёқилғи-энергетика тармоғидаги йирик хорижий инвесторлар билан очиқ мулоқот ўтказди. Улар орасида Саудия Арабистони, Туркия, Озарбайжон, Бирлашган Араб Амирликлари, Хитой, Ўмоннинг энергетика соҳасидаги йирик хусусий компаниялари бор. 

Президентга кўра, 2030 йилгача 5 минг километр тармоқ ва 16 та йирик подстанция қуриш, энергия сақлаш қувватларини 4,5 гигаваттга етказиш режалаштирилган. Лойиҳаларнинг катта қисми Қорақалпоғистон, Бухоро, Жиззах, Самарқанд, Наманган, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларига тўғри келади. Давлат раҳбари бу ҳақда гапираркан, энди хато қилиш мумкин эмаслигига алоҳида тўхталди. 

Президентнинг айтишича, тез орада умумий қуввати 2 минг 200 мегаватт бўлган 6 та қуёш ва шамол станцияси лойиҳаси очиқ танловга чиқарилади. Биринчи марта энергетика соҳасининг 2050 йилгача бўлган Миллий бош режаси ишлаб чиқилиб, очиқ эълон қилинади. Келгуси йил 1 мартгача тармоқларга уланиш имкониятлари харитаси, 1 июлга қадар тўлиқ бош режа тақдим этилади.  

Президент янги станциялар билан бирга электрни истеъмолчига етказиб берадиган тармоқларни ҳам ривожлантириш зарурлигини айтди. Генерация, узатиш ва энергия сақлаш тизимлари ўзаро боғлиқ ҳолда ишлаши керак.  

Ўзбекистонда 3 миллион 800 минг хонадон суюлтирилган газдан фойдаланади. Илгари давлат монополиясида бўлган мазкур таъминот тизимига босқичма-босқич бозор механизмлари жорий қилинаётганига ҳам тўхталди давлат раҳбари. 

Келаси ўқув йилидан маҳаллий олийгоҳларда энергетика йўналишлари бўйича қабул квоталари оширилади. Дунёнинг етакчи университетларида ўқиш учун ҳар йили 50 нафар ёшга давлат гранти ажратилади.

Хуллас, айтишга арзигулик гаплар кўп: Ёқилғи-энергетика соҳасида инвесторлар кенгаши ташкил этилмоқда. Кенгашга Президент Администрацияси Раҳбари Саида Мирзиёева бошчилик қилади. Президент бунинг сабабини шундай тушунтирди.

Давлат раҳбари инвесторларга юзланар экан, Ўзбекистонга қуруқ сармоя эмас, қалбан боғланган ўзаро ишонч ва чин шериклик кераклиги, мулоқотдан асосий мақсад ҳам шу эканини алдоҳида урғулади.  

Ўзбекистонда жорий йил 1 ноябрдан бошлаб иситиш (иссиқлик энергияси) ва иссиқ сув тарифлари ўртача 30 фоизга оширилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 13 октябрь куни жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган “Иссиқлик таъминоти соҳасида бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳасида сўз борган. 

“Аҳолини суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлашнинг бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳаси билан маиший баллонларда етказиб бериладиган суюлтирилган газ нархини эса 1 кг учун 2 минг сўмдан 5 минг сўмга ошириш назарда тутилмоқда. Бунда эҳтиёжманд оилаларга ойига 20 кг гача суюлтирилган газнинг ҳар бир килограмми учун 3 минг сўм компенсация тўланади, яъни улар учун нарх меъёр доирасида 2 минг сўмлигича қолади. Бунинг учун 158 млрд сўм ажратилади.

Шу билан бирга, газлаштирилмаган ва табиий газ етиб бориши қийин бўлган ҳудудларда яшовчи аҳоли учун иситиш мавсумида электр энергиясининг базавий меъёрини ошириш таклиф этилмоқда. 2026 йил 1 ноябрдан ойлик базавий меъёрни амалдаги 200 кВт·соатдан 350 кВт·соатга етказиш режалаштирилган.

Янги тартибга кўра, 201–350 кВт·соат оралиғидаги электр энергияси амалдаги 900 сўмдан эмас, балки 650 сўмдан ҳисобланади. Бу қўшимча ҳажм учун тарифнинг қарийб 28 фоизга пасайишини англатади.

Иситиш мавсуми Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида октябрь – февраль ойларини, бошқа ҳудудларда эса ноябрь – февраль ойларини қамраб олади.

2026 йил ноябрь ойида эҳтиёжманд оилаларга бир мартали 1 млн сўмдан ёрдам ажратиш режалаштирилган. Электр ва табиий газ бўйича компенсация олиш мезони ҳам кенгайтирилади, бу билан 166 минг оила қамраб олинади.

Базавий меъёрдан юқори истеъмол учун компенсация бериш муддатини 2027 йил 1 апрелдан 2028 йил 1 апрелга қадар узайтириш таклиф этилмоқда. Бу 470 минг оиланинг яна бир йил давлат кўмагидан фойдаланишини таъминлайди. Мазкур мақсад учун қўшимча 150 млрд сўм ажратилиши режалаштирилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёеванинг бу ҳафтадаги кун тартиби тиғиз кечди. Жорий йилнинг 30–31 октябрь кунлари Туркиянинг Анқара шаҳрида бўлиб ўтиши кутилаётган Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдаги саммити олдидан Саида Мирзиёева ушбу мамлакатга бориб, мамлакат Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг қабулида бўлди. 

Эрдўған ва Мирзиёева учрашуви ўта самимий руҳда кечгани тасвирлардан маълум. 

“Жаноб Президентга самимий қабул, Ўзбекистонга қаратилаётган алоҳида эътибор ҳамда қардош халқларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларни қўллаб-қувватлаётгани учун чин қалбимдан миннатдорлик билдираман”, дейди Саида Мирзиёева.

Ўзбекистон ва Туркия муносабатларида лидерларнинг оилавий ришталари ҳам алоҳида ўрин тутади. Хусусан, Эрдўған Ўзбекистонга келгудек бўлса, унга албатта рафиқаси Эмина Эрдўған ва фарзандлари ҳамроҳлик қилади. Ўзбекистон раҳбарининг Туркияга ташрифларида ҳам юмшоқ куч воситалари алоҳида кўзга ташланади. 

Саида Мирзиёеванинг ташрифида ҳам бу сезилди. Унга Эрдўғаннинг кенжа қизи Сумая турмуш ўртоғи Селчук Байроқдор билан пешвоз чиқиб, “Baykar” компанияси билан таништирди. Компания нафақат мамлакат ё минтақада, балки дунёда мудофаа саноати соҳасида етакчилардан ҳисобланади. Иккинчи Қорабоғ уруши, Россия – Украина уруши, Сурия ва Ливиядаги ҳарбий ҳаракатларда фойдаланилган “Bayraktar” дронлари муаллифи айнан Эрдўғаннинг куёви саналади. Унинг раҳбарлигида “Akıncı”, “Kızılelma” охирги авлод дронлари ҳам ишлаб чиқарилган. Ўзбекистон мудофаасида эса “Bayraktar TB2”, “Akıncı” дронларидан фойдаланилади.

Саида Мирзиёева Президентнинг ўғли Нажмиддин Билол Эрдўған ҳамроҳлигида Истанбул Ибн Халдун университети ва “Енидўғу” мактабига ҳам борган. 

“Ушбу муассасаларнинг ўқитиш услублари, ёндашувлари менда катта қизиқиш уйғотди. Бу ерда таълим сифатига, ёшларнинг иқтидорини рўёбга чиқариш ва уларда мустақил фикрлаш кўникмасини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилган”, дейди Саида Мирзиёева. 

Суд ҳукми билан жорий йилнинг июль ойида 8 йилга озодликдан маҳрум қилинган Одилхон қори Исмоилов тугаётган ҳавфтада суд залидан озод қилинди. 

Одилхон Исмоиловга оид иш Наманган вилоят судининг апелляция инстанциясида кўриб чиқилиб, 12 октябрь куни апелляция судининг ажрими эълон қилинган.

Жиноят иши доирасида етказилган зарарнинг бир қисми нақд пул шаклида депозит ҳисоб рақамига топширилган. Шунингдек, судланган Одилхон Исмоиловга тегишли мулкнинг банкнинг талабига асосан банк балансига қабул қилиниши белгиланган ва хатланган мулклар сотилиб, зарарни қоплашга йўналтирилган. Бундан ташқари, Одилхон Исмоилов ва унинг яқин қариндошларига тегишли мулклар зарарни қоплашга йўналтирилган. Шу асосда Исмоиловга Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди билан тайинланган жазо ўзгаришсиз қолдирилиб, 3 йил синов муддати билан Жиноят кодексининг 72-моддасига асосан шартли ҳисобланиши белгиланган. 

Ҳафта боши кутилмаган истеъфо билан бошланди. 2024 йилнинг ноябридан буён Ўзбекистон Мудофаа вазирлигини бошқариб келаётган генерал-майор Шуҳрат Холмуҳаммедов истеъфога чиқарилди. Ўзбекистон Президенти Матбуот котиби Шерзод Асадов Ҳолмуҳамедовнинг кутилмаган истеъфосини бошқа ишга ўтаётгани билан боғлади, бироқ ҳафта давомида унга қайсидир лавозим берилгани ҳақида аниқ маълумот эълон қилинмади. 

Мудофаа вазири лавозимини прокуратура органларидан чиқиб, 2022–2025 йилларда Ҳарбий прокурор, сўнг бир йил Фавқулодда вазиятлар вазири бўлган Ботир Қудратхўжаев эгаллади. У шу йилнинг январь ойида Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари – Тезкор қидирув департаменти бошлиғи лавозимига тайинланганди. 

Шунингдек, ўтган ҳафта Бош вазирнинг биринчи ўринбосари – Таълим ва илм-фан вазири лавозимини эгаллаган Эркинжон Турдимов Сирдарё вилояти ҳокими курсисини бўшатган эди. Бу ҳафта курсининг эгаси топилди. Ҳокимлик курсисини Президенти Админстрациясининг собиқ раҳбари – ҳозирда Бекобод туманини бошқариб келаётган Зайнилобиддин Низомиддинов эгалларкан деган гаплар ортидан ҳокимликка Президент Администрациясида Жамоат хавфсизлиги ва қонун устуворлиги бўйича департамент раҳбари бўлиб ишлаб келаётган Дониёр Қодиров тайинланди. 

Шунингдек, тугаётган ҳафтада Тошкентнинг 4 та туман ҳокими ҳам курсисини бошқаларга топширди. Чилонзор тумани ҳокими Саидқаҳҳор Холхўжаев, Яшнобод тумани ҳокими Бахтиёр Раҳмонқулов ва Янгиҳаёт тумани ҳокими Ҳаёт Иноғомов ва Яккасарой тумани ҳокими Нилуфар Аллаберганова лавозимидан кетди. Суяги прокуратура органларида қотган Яккасаройнинг гламур ҳокими Нилуфар Аллаберганова ўша куннинг ўзидаёқ Тошкент шаҳар прокурори ўринбосарлигига тайинланди. Яшнободни бошқарган Бахтиёр Раҳмонқулов Фавқулодда вазиятлар вазирлиги инспекцияси бошлиғи лавозимига тайинланди. Яшнобод ҳокимлигини эса Абдулазиз Абдулҳақов қабул қилиб олди. Шунингдек, Янгиҳаёт, Чилонзор ва Яккасарой туманларига ҳам ҳокимлар тайинланди. 

Энди Янгиҳаётни 37 яшар Лазизбек Темиров, Чилонзорни 40 яшар Ҳаёт Иноғамов, Якксаройни 39 яшар Акмал Жумабоев бошқаради. 

Ҳокимлардан узоқлашмаймиз. Тошкент вилоятининг Тошкент тумани ҳокими ўринбосари 25 минг АҚШ доллари пора билан қўлга тушди. 

ҳоким ўринбосари тадбиркорга қурилиш технологиялари ва композит эшиклар ишлаб чиқариш саноат мажмуасини ташкил этиш учун туман ҳокимлиги балансида бўлган 1 гектар ер майдонини аукцион савдоларига чиқариб, олиб беришни ваъда қилган. Бунинг эвазига у Давлат активларини бошқариш тизимидаги танишлари орқали масалани ҳал қилиб беришини айтиб, 25 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда мансабдор шахс сўралган пулни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳолат юзасидан ҳоким ўринбосарига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 4-қисми “г” банди ҳамда 28-модда (Жиноят иштирокчиларининг турлари), 211-моддаси (Пора бериш) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фермерларни ҳақоратлаб, картошка экмаса ерларини тортиб олиш ва “жонини суғуриб олиш” билан таҳдид қилган Тошкент вилоятининг Пискент тумани ҳокими Музаффар Ориповга ҳайфсан берилди. Шу ҳафта унинг фермерларни ҳақоратлагани ёзиб олинган аудио интернетга сиздирилганди. 

Шунга қарамай, Пискент тумани ҳокимлиги эълон қилган баёнотда ҳокимнинг ҳаракатларига нисбатан оқловни пайқайсиз. 

“Шуни унутмаслик керакки, ер фермернинг хусусий мулки эмас. Ер – халқнинг бебаҳо бойлиги бўлиб, ундан фойдаланиш қонунчиликда белгиланган тартиб асосида амалга оширилади. Фермер ердан ўз билганича фойдаланиш эмас, балки белгиланган мақсад ва мажбуриятларга мувофиқ иш юритиш масъулиятини ҳам зиммасига олади. Агар ҳар ким ўз манфаатини кўзлаб, белгиланган вазифаларни четлаб ўтиб иш юритса, халқ манфаатлари қаерда қолади? Бугун мамлакатимизда картошка импортини камайтириш, ички бозорда нархлар барқарорлигини таъминлаш ва қиш мавсуми учун етарли захира яратиш мақсадида ишлар олиб борилаётган бир пайтда, картошка экилиши лозим бўлган майдонларни бошқаларга сотиб юбориш ва натижада белгиланган режани бажармасликка бефарқ қараб бўлмайди. Чунки экилмай қолган ҳар бир гектар ер – бу шунчаки бажарилмаган режа эмас, балки маҳаллий маҳсулот етиштириш имкониятининг бой берилиши ва аҳоли таъминотига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган омилдир”, дейилади муносабатда.

Қозоғистон хорижий фуқаролар учун мамлакатга киришга электрон рухсатнома олиш тартибини жорий этади. Янги қоидалар жорий йил 24 октябрдан кучга киради. Рухсатнома эса 2027 йил июлидан бошлаб мажбурий бўлади. 

Янги талаб Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) мамлакатлари ҳамда Қозоғистон билан визасиз режим ўрнатилган давлатлар, жумладан Ўзбекистон фуқароларига тааллуқли. 

Ариза рақамли платформа орқали топширилади. Бунинг учун мамлакатга киришдан камида 72 соат олдин мурожаат қилиш лозим. Рухсатнома бепул расмийлаштирилади ва 180 календарь кун давомида амал қилади.

2027 йил 1 июлгача давом этадиган ўтиш даврида рухсатноманинг йўқлиги хорижий фуқароларнинг Қозоғистонга киришини рад этиш учун асос бўлмайди.

16 ёшгача бўлган болалар, 65 ёшдан ошган шахслар, амалдаги Қозоғистон визаси ёки яшаш гувоҳномасига эга хорижликлар, дипломатларнинг айрим тоифалари ва расмий делегациялар аъзолари ушбу талабдан озод этилади.

Визасиз режим асосида мамлакатга кирган хорижликлар умумий қоидага кўра, бир ташриф давомида 30 кунгача қолиши мумкин. Бунда 180 кунлик давр ичида мамлакатда бўлишнинг умумий муддати 90 кундан ошмаслиги керак. Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари фуқаролари учун эса 180 кунлик давр ичида Қозоғистонда 90 кунгача бўлиш муддати белгиланган.


 


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг