Ўзбекистонда 12 йиллик таълимга ўтиш: қонун лойиҳаси Сенатга юборилди

Ўзбекистон

−

visibility286 timer4 дақиқа

image

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг кеча, 24 ноябрь куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида депутатлар бир йиллик мактабга тайёрловни мажбурий умумий ўрта таълимнинг дастлабки босқичи сифатида белгилашни назарда тутувчи қонунни қабул қилди. Унга кўра, мажбурий умумий ўрта таълим муддатини 11 йилдан 12 йилгача узайтириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, қонун лойиҳаси “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида” ги ҳамда “Таълим тўғрисида” ги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутади. Унга мувофиқ, бир йиллик мактабга тайёрлов мактабгача таълим ва умумтаълим ташкилотларида ташкил этилади. Шунингдек, ҳар бир боланинг бундай тайёргарликдан ўтиш ҳуқуқи давлат томонидан кафолатланади.

Мактабга тайёрлов бепул бўлади

Депутат Сайёра Имомованинг маълум қилишича, ҳозирда мамлакатда мактабгача таълим билан қамров 78 фоизга, олти ёшли болалар қамрови эса 98 фоизга етган. Мажбурий бир йиллик мактабга тайёрлов тизимига ўтиш 2018 йилда бошланган. 2027 йилда олти ёшли болаларни ушбу тайёрлов билан қамраб олиш кўрсаткичини 100 фоизга етказиш мақсад қилинган. Қонунга кўра, мажбурий мактабга тайёрлов мактабгача таълим ташкилотларида, мактабларнинг бўш синфхоналарида, шунингдек, мактаб ва боғчалар мавжуд бўлмаган чекка ҳудудлардаги ижтимоий соҳа объектларида ташкил этилади. Бундай объектлар қаторига “Келажак” марказлари ва бошқа таълим масканлари ҳам киради.

Депутатнинг айтишича, ҳозирда 4 мингдан ортиқ мактабда бўш турган хоналар негизида тайёрлов гуруҳлари ташкил этилган. Шунингдек, яна 191 та мактабда 246 та тайёрлов гуруҳини очиш режалаштирилган. Машғулотларга мактабгача таълим ташкилотларида боғча тарбиячилари, мактабларда эса юқори малакали педагоглар жалб этилади. Ҳозирда тайёрлов гуруҳлари педагог кадрлар билан 98 фоиз таъминланган. Бу кўрсаткични 100 фоизга етказиш учун қўшимча 800 та гуруҳ ташкил этиш ва қарийб 20 мингта янги ўрин яратиш талаб этилади. Бу билан боғлиқ харажатлар 2027 йилги давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.

Депутат таъкидлашича, давлат муассасалари, мактаблар ва боғчаларда мактабга тайёрлов бепул амалга оширилади. Шу билан бирга, ота-оналар фарзандини хусусий боғча ёки мактабда тайёрлашни ҳам танлаши мумкин. Қонун нодавлат таълим ташкилотларида ҳам тайёрлов гуруҳларини ташкил этишга рухсат беради.

Бундай гуруҳларда машғулотлар алоҳида дастур асосида ўтказилади. Болаларга дастлабки билим ва тушунчалар ўйин усули орқали сингдирилади. Кейинчалик таълим дастурлари халқаро амалиёт талабларига мувофиқ босқичма-босқич мослаштириб борилади.

Олти ёшли болаларнинг мақоми қандай бўлади?

Депутат Сайдулло Азимов олти ёшли болалар янги тизимда мактаб ўқувчиси ёки мактабгача ёшдаги бола сифатида ҳисобланишига аниқлик киритишни сўради. Унинг таъкидлашича, бу масала келгусида статистик маълумотларга ҳам таъсир қилиши мумкин. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги департаменти бошлиғи Эркин Муродов амалдаги “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида” ги қонунда мактабгача ёш 7 ёшгача бўлган давр сифатида белгиланганини айтди. Ушбу таъриф болаларнинг мактабгача таълим ташкилотларида бўлиш даврини тўлиқ қамраб олади ва ўзгаришсиз қолади.

Унинг сўзларига кўра, олти ёшли болаларнинг аксарияти тўлиқ кунлик гуруҳларга қатнайди. Агар мактабгача ёш билан боғлиқ таъриф ўзгартирилса, фарзандларини мактабгача таълим ташкилотларига берган қарийб 600 минг нафар ота-она учун қийинчилик юзага келиши мумкин. Депутат Дилмурод Ортиқов эса қўмита томонидан масала ўрганилганда қонунчиликда “мактаб ёши” тушунчаси мавжуд эмаслиги аниқланганини билдирган. Унинг таъкидлашича, асосий мақсад бир йиллик тайёрловни умумий ўрта таълимнинг алоҳида босқичи сифатида белгилашдан иборат.

Тайёрлов учун ижтимоий объектлар ҳам жалб қилинади

Эркин Муродовнинг маълум қилишича, ўтказилган таҳлилларга кўра, мамлакатда мактабга тайёрлов жараёнини ташкил этиш мумкин бўлган 101 та ижтимоий объект мавжуд. Улар қаторига техникумлар, маҳаллий идоралар, мусиқа ва санъат мактаблари киради. Ушбу объектларда кичик гуруҳлар ташкил этилган. Ташкилий жараён, услубий ишлар ва педагоглар фаолияти мактабгача таълим ташкилоти томонидан мувофиқлаштирилади. Шунингдек, ижтимоий объектларнинг алоҳида реестри юритилади. Мактабга тайёрловни ташкил этиш мумкин бўлган жойлар рўйхати эса кейинги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланади.

Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов тайёрлов ташкил этиладиган аниқ жойларни кўрсатиш ўрнига, ҳар бир боланинг мажбурий бир йиллик мактабга тайёрловдан ўтиш ҳуқуқи давлат томонидан кафолатланишини белгилашни таклиф қилди. Унинг айтишича, мактабга қатнай олмайдиган болалар учун ўқитувчиларнинг уйга бориб дарс ўтиши тизими ҳам мавжуд.

Депутатлар қонуннинг кучга кириш муддатини ҳам муҳокама қилди. Янги тизимни жорий этиш учун таълим муассасаларини тайёрлашга камида олти ой вақт кераклиги таъкидланди.

Қонун Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенатга юборилган. У ерда кўриб чиқилганидан сўнг ҳужжат Президент томонидан имзоланиши керак.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг