Президент “снос” масаласини кўтарди: уй-жой бўйича конституциявий кафолат белгиланади
Жамият
−
20 Июнь 2022
8425Конституцияда фуқароларимизнинг уй-жойга бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, унинг дахлсизлигини кафолатлаш, аҳолининг барча қатламлари, айниқса, муҳтож тоифаларни уй-жой билан таъминлаш бўйича давлатнинг мажбуриятларини мустаҳкамлаш зарур. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда айтиб ўтди.
“Халқимиз орасида “снос” деган ном билан машҳур бўлган муаммо бор. Бундай ҳолатга бутунлай барҳам бериш учун уй-жой бўйича конституциявий кафолатни белгилаб қўйиш лозим. Яъни, суднинг қарорисиз ҳеч ким уй-жойидан маҳрум қилинмаслиги керак.
Иморат бузилишга тушадиган бўлса, бунинг учун бузишдан олдин унинг қийматига мос равишда компенсация тўланиши шарт.
Уй-жойга ёки шахснинг бошқа мол-мулкига унинг рухсатисиз кириш, уларни кўздан кечириш ва тинтув ўтказишга фақат қонунда белгиланган ҳолат ва тартибда йўл қўйилиши Конституцияда қатъий белгиланиши даркор”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Президенти нутқи давомида тараққиётнинг кўп асрлик тажрибаси хусусий мулксиз, унинг ишончли кафолатисиз кучли ижтимоий давлатни қуриб бўлмаслигини кўрсатганини таъкидлади.
“Шу боис, Бош қомусимизда хусусий мулк ҳимоясини таъминлаш учун зарур бўлган конституциявий кафолатларни кучайтиришимиз лозим. Токи, катта-кичиклигидан қатъий назар, ҳар бир тадбиркор доимо давлат, Конституция, қонунлар ҳамда Президент ҳимоясида эканини амалда ҳис қилсин.
Ривожланган давлатлардаги каби, шундай тартиб ўрнатилиши лозимки, мулкдор суд қарорисиз, ўзининг розилигисиз, адолатли товон пулисиз, мулкидан маҳрум этилмасин.
Шу билан бирга, давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижалари қайта кўриб чиқмаслик ҳамда бекор қилмаслик масаласини ҳам Конституциявий қоида сифатида белгилашнинг вақти-соати келди, деб ўйлайман.
Иқтисодиётимизни ҳаракатга келтирувчи асосий куч бўлган тадбиркорликнинг ривожланиши йўлидаги барча тўсиқ ва ғовларни олиб ташлашимиз зарур”, дея урғулаган Президент.
LiveБарчаси