Си Цзиньпин Жо Байденни Президент этиб сайлангани билан табриклади
Олам
−
26 Ноябрь 2020
3629Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин кеча, 25 ноябрь куни Жо Байденни АҚШ президентлик сайловларида ғалаба қозонгани билан табрик йўллади. Унда Хитой-Америка муносабатларини ривожлантириш муҳимлиги ҳам таъкидланган.
“Бугун раис Си Цзиньпин Жо Байденга телеграмма юборди ва уни Америка Президенти этиб сайлангани билан табриклади”, дейилади ХХР марказий телевидениеси хабарида.
Си Цзиньпин телеграммада Хитой ва АҚШ ўртасидаги муносабатларнинг соғлом ва барқарор ривожланишига кўмаклашиш нафақат икки мамлакат халқларининг манфаатларига, балки халқаро ҳамжамиятнинг умидларига ҳам жавоб беришини таъкидлаган.
Маълумот учун, 13 ноябрь куни ХХР Ташқи ишлар вазирлиги вакили Ван Вэньбинь расмий Пекин номидан Байденни сайловдаги ғалабаси билан табриклаганди.
Эслатиб ўтамиз, АҚШда 3 ноябрь куни президентлик сайловлари бўлиб ўтди. Дастлабки маълумотларга кўра Демократик партиядан номзод Байден ғалаба қозониш учун етарлича электорат тўплаган.
Трамп ҳам ўз ўрнида ғалаба қозонганига шубҳа қилмаяпти. У ўзининг ҳақлигини суд орқали исботламоқчи. Аммо шунга қарамай ҳокимиятни сайланган Президент жамоасига топшириш ишларини бошлашга кўрсат берган.