Хитой Тайванга қурол сотиш илинжидаги АҚШни огоҳлантирди

Олам

image

Хитой Қўшма Штатлардан минтақада кескинликнинг янада кучайишига йўл қўймаслик учун Тайванга қурол-яроғ сотишни тўхтатишни ва Тайбэй билан ҳарбий алоқалардан воз кечишни талаб қилмоқда. Бу ҳақда Хитойнинг Вашингтондаги элчихонаси матбуот котиби Лю Пенгю маълум қилди.

“АҚШнинг Тайванга қурол сотиши “Ягона Хитой” тамойили ва учта қўшма Хитой-АҚШ коммюникеси қоидаларини жиддий равишда бузади, Тайвань мустақиллиги тарафдори бўлувчи кучларни рағбатлантиради ва Тайвань бўғозидаги кескинликни кучайтиради”, дейди Лиу Пенгю яқинлашиб келаётган қурол савдосига изоҳ бериб.

Дипломат Қўшма Штатларни “Тайванга қурол сотишни ва у билан ҳарбий алоқаларни зудлик билан тўхтатишга, Тайван бўғозида кескинликни келтириб чиқарадиган омилларни яратишни тўхтатишга ва АҚШ ҳукуматининг орол мустақиллигини рад этиш ҳақидаги баёнотини амалда қўллаб-қувватлашга” чақирди.

Шу билан бирга, Лю Пенгю Хитой “ўз суверенитети ва хавфсизлик манфаатларини қатъий ҳимоя қилиш учун аниқ ва самарали чоралар кўришда давом этишини” таъкидлаган.

Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби Қўшма Штатлар унинг мустақиллигини қўллаб-қувватламаса ҳам Тайванга хавфсизлик бўйича ёрдам кўрсатишда давом этиш ниятида эканини айтди.

Аввалроқ АҚШ президенти Жо Байден яқин орада Конгрессдан Тайванга тахминан 1,1 миллиард долларлик қурол-яроғ сотишини маъқуллашни сўраш ниятида экани ҳақида хабар берган эдик.  Гап 60 та AGM-84K Harpoon Block II кемага қарши ракеталари ва 100 га яқин AIM-9X Block II Sidewinder “ҳаво-ҳаво” типидаги ракеталар ҳақида бормоқда.

Маълумот ўрнида, Хитой Тайвань атрофида давомли равишда ҳарбий машғулот ўтказиб келмоқда. Хусусан, 2-3 август кунлари АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси Тайванга ташриф буюрди, бу эса Пекиннинг кескин муносабатига сабаб бўлди ва бунга жавобан орол атрофида кенг кўламли ҳарбий машғулотлар ўтказди. 

14-15 август кунлари эса сенатор Эд Марки (Массачусетс штати) бошчилигидаги делегация Тайванга келди. Унинг ортидан ҳам орол атрофида ҳарбий машғулотлар ўтказилди.

Кейинчалик 25 август куни Теннесси штатидан республикачи АҚШ сенатори Марша Блэкберн Тайванга келди. Хитой Блэкберннинг ташрифига муносабат билдириб, АҚШ Тайвань бўғози минтақасида тинчлик бўлишини истамаслигини қайд этди.

Тайвань ва АҚШ муносабатлари

Тайвань 1949 йилда Чан Кайши (1887-1975) бошчилигидаги Гоминдан қўшинларининг қолдиқлари Хитой фуқаролар урушида мағлубиятга учрагач, оролга қочиб кетганидан бери ўз маъмурияти томонидан бошқарилади. Ўшандан бери Тайвань коммунистлар ҳокимиятга келишидан олдин материкда мавжуд бўлган собиқ Хитой Республикаси байроғи ва бошқа атрибутларини сақлаб қолган.

Қўшма Штатлар 1979 йилда Тайвань билан дипломатик алоқаларни узиб, уларни ХХР билан ўрнатган. Вашингтон “ягона Хитой” сиёсатини тан олиш билан бирга, айни пайтда Тайбэй маъмурияти билан алоқаларни давом эттирмоқда ва оролга қурол етказиб бермоқда. 2020 йилда АҚШнинг аввалги Президенти Дональд Трамп маъмурияти Гонконгдаги вазият туфайли Пекин билан муносабатларнинг кескинлашуви фонида Тайвань билан алоқа ва алмашинувларни сезиларли даражада фаоллаштирди, бу эса ХХР расмийларининг норозилигига сабаб бўлди. 

АҚШ Тайваннинг асосий қурол етказиб берувчисидир. Жорий йилнинг апрель ойида Давлат департаменти Patriot зенит-ракета тизимларига хизмат кўрсатиш бўйича 95 миллион долларлик шартномани маъқуллади.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ-Хитой

Баҳолаганлар

68

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг