“АҚШ Тайванда барқарорлик истамайди”. Хитой Вашингтоннинг провокациясига эътироз билдирди

Олам 2037
image

Хитойнинг АҚШдаги элчихонаси америкалик сенатор Марша Блэкберннинг Тайванга сафарини минтақадаги беқарорликнинг ёрқин намунаси деб атади. Бу ҳақда кеча, 25 август Хитойнинг Вашингтондаги элчихонаси матбуот котиби Лю Пэнъюй маълум қилди.

“Хитой АҚШ ва Тайвань минтақаси ўртасидаги ҳар қандай расмий алоқаларга кескин қарши чиқади. Бу ташриф АҚШ Тайвань бўғозида барқарорликни истамаслигини ва икки томон ўртасида қарама-қаршиликни қўзғатиш учун бор кучини аямаслигини яна бир бор исботлайди. Биз суверенитетимиз ва ҳудудий яхлитлигимизни ҳимоя қилиш учун АҚШнинг провокацияларига жавобан қатъий жавоб чораларини кўрамиз”, дейди Лю.

Дипломатнинг таъкидлашича, АҚШ қонун чиқарувчи ҳокимият вакиллари “Ягона Хитой” сиёсатига қатъий риоя қилишлари ва Хитойнинг бир қисми бўлган Тайвань билан расмий алоқадан сақланишлари керак.

“Халқаро ҳуқуқ ҳам, АҚШнинг ички қонунчилиги ҳам халқаро мажбуриятларни бузиш ва халқаро муносабатлар меъёрларига зид бўлган ҳаракатларни амалга ошириш учун баҳона бўла олмайди”, дейди у.

Шунингдек, у Тайвань бўғозидаги жорий таранглик учун жавобгар фақат АҚШ эканлигини айтиб ўтган.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 25 август куни Теннесси штатидан республикачи АҚШ сенатори Марша Блекберн Тайванга келган эди.

Олдиндан эълон қилинмаган ва 27 августгача давом этадиган ташриф давомида Тайвань маъмурияти раҳбари Цай Инг-вен сиёсатчини қабул қилади.  Шунингдек, Миллий хавфсизлик кенгаши бош котиби Гу Лисюн, Ташқи ишлар вазири Жозеф У ва бошқа расмий шахслар билан учрашувлар ўтказиш режалаштирилган.

Бу АҚШ қонунчиларининг оролга бир ой ичида учинчи ташрифидир. 2-3 август кунлари АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси Таййга ташриф буюрди, бу эса Пекиннинг кескин муносабатига сабаб бўлди ва бунга жавобан Тайвань атрофида кенг кўламли ҳарбий машғулотлар ўтказди. 14-15 август кунлари сенатор Эд Марки (Массачусетс штати) бошчилигидаги делегация Тайванга келди. Унинг ортидан ҳам орол атрофида ҳарбий машғулотлар ўтказилди.

Фарангиз Салимова

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 6
Рейтинг: 2.7
t
×