Хитой Тайвань яқинида яна ҳарбий машғулот бошлади
Олам
−
15 Август 2022
7115Хитой Қуролли Кучлари бугун, 15 август куни денгизда ва Тайвань ороли атрофидаги ҳаво ҳудудида амалий машғулотлар ўтказишни бошлади. Бу ҳақда Хитой Халқ озодлик армияси (ХОА) жанговар қўмондонлигининг Шарқий ҳудуди вакили катта полковник Ши Ининг WeChat мессенжеридаги расмий аккаунтида эълон қилинган хабарида айтилади.
“ХОА Шарқий жанговар қўмондонлик зонаси жанговар шайликни ошириш мақсадида 15 август куни Тайвань ороли атрофида денгиз ва ҳаво бўшлиғида ҳарбийларнинг турли бўлинмаларидан фойдаланган ҳолда амалий машғулотлар ва патруллар ўтказмоқда”, деган Ши И.
Қўмондонлик вакилининг айтишича, машғулотлар “АҚШ ва Тайвань ўртасида давом этаётган сиёсий ўйинлар” билан боғлиқ. Машқларга жалб қилинган куч ва воситаларга аниқлик киритилмаган.
“Жанговар қўмондонлик зонаси қуролли кучлари барча зарур чораларни кўради ва мамлакат суверенитетини, шунингдек, Тайвань бўғозидаги тинчлик ва барқарорликни қатъий ҳимоя қилади”, дейилади баёнотда.
Машғулотлар сенатор Эд Марки (Массачусетс штати) бошчилигидаги АҚШ Конгресси делегацияси Тайванга икки кунлик ташриф билан келганидан бир кун ўтиб эълон қилинди. Кузатувчиларнинг фикрича, бу Пекин ва Вашингтон муносабатларини янада кескинлаштиради.
2-3 август кунлари АҚШ Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосининг Тайбэйга сафари ортидан Тайвань бўғози бўйлаб кескинлик кучайди. Ташриф расмий Пекин томонидан танқидга учради. Сафар фонида Хитой ўз қирғоқ чизиғи ва Тайвань ороли атрофида бир қатор машғулотлар ўтказди.
Маълумот учун, АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси 2 август куни кечқурун Тайбейнинг Соншан аэропортига етиб келди ва оролда бир кун ҳам бўлмай, 3 август куни қайтиб кетди. Бу АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикерининг 1997 йилдан бери оролга қилган илк сафари бўлди. Пелоси Тайванда орол маъмурияти раҳбари Цай Ингвен билан учрашди.
Бу воқеа АҚШ ва Хитой муносабатларини таранглаштирди. Расмий Пекин Пелоси келишидан олдин Тайвань яқинида ҳарбий машғулотлар бошлаганди. Ташрифдан кейин эса орол атрофида бир қанча ҳудудларда машғулотларга старт берилди.
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги сиёсатчининг ташрифига кескин норозилик билдирди ва уни қоралади. Унинг сафари “Ягона Хитой” тамойили ва учта Хитой-АҚШ коммуникелари қоидаларини жиддий равишда бузиши урғуланди. Пекин, шунингдек, Вашингтонни Хитойни назорат қилиш учун Тайвандан фойдаланишни тўхтатишга чақирди. Бундан ташқари, дипломатик департамент мамлакат суверенитетини ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни кўришига ишонтирди.
Оқ уйнинг фикрича, Пелосининг Тайванга ташрифи Хитой суверенитетини бузмаган, АҚШ маъмурияти эса “ўзини қўрқитишга йўл қўймаслигига” ишонтирган. Америка расмийлари минтақада кескинликнинг кучайишига ҳеч қандай сабаб йўқлигини таъкидламоқда.
Кремль Пелосининг сафарини минтақадаги кескинликни кучайтирувчи провокация деб атади. Президент матбуот котиби Дмитрий Песков дунёнинг барча давлатлари буни қайд этаётганига эътибор қаратди ва Россиянинг Хитой билан бирдамлигини қайд этди.
Хитой ҳарбийлари Пелоси ташрифидан кейин шай ҳолатга келтирилди. Армия Тайвань атрофидаги бир нечта нуқтада ҳарбий машғулотлар бошлади.
Хитой-Тайвань масаласи
Тайвань 1949 йилда Чан Кайши (1887-1975) бошчилигидаги Гоминдан қўшинларининг қолдиқлари Хитой фуқаролар урушида мағлубиятга учрагач, оролга қочиб кетганидан бери ўз маъмурияти томонидан бошқарилади. Ўшандан бери Тайвань коммунистлар ҳокимиятга келишидан олдин материкда мавжуд бўлган собиқ Хитой Республикаси байроғи ва бошқа атрибутларини сақлаб қолган.
Қўшма Штатлар 1979 йилда Тайвань билан дипломатик алоқаларни узиб, уларни ХХР билан ўрнатган. Вашингтон “ягона Хитой” сиёсатини тан олиш билан бирга, айни пайтда Тайбэй маъмурияти билан алоқаларни давом эттирмоқда ва оролга қурол етказиб бермоқда. 2020 йилда АҚШнинг аввалги Президенти Дональд Трамп маъмурияти Гонконгдаги вазият туфайли Пекин билан муносабатларнинг кескинлашуви фонида Тайвань билан алоқа ва алмашинувларни сезиларли даражада фаоллаштирди, бу эса ХХР расмийларининг норозилигига сабаб бўлди.
АҚШ Тайваннинг асосий қурол етказиб берувчисидир. Жорий йилнинг апрель ойида Давлат департаменти Patriot зенит-ракета тизимларига хизмат кўрсатиш бўйича 95 миллион долларлик шартномани маъқуллади.
LiveБарчаси