Шри-Ланкада денге безгаги сабаб 56 киши вафот этди

Олам

image

Шри-Ланкада сўнгги қарийб 10 йилдаги энг йирик денге безгаги эпидемияси кузатилмоқда. Касаллик оқибатида камида 56 киши вафот этган, йил бошидан буён эса 77 мингдан ортиқ касалланиш ҳолати қайд этилган. Бу ҳақда “Independent” хабар берди.

Қайд этилишича, мамлакат ҳукумати чивинларга қарши курашиш учун ҳарбий дронлардан фойдаланишни бошлаган. Шунингдек, денге безгаги тарқалишини назорат қилиш мақсадида ҳарбийлар иштирокида махсус мониторинг гуруҳи тузилган.

Шри-Ланка Миллий денге безгагига қарши кураш бўлими мамлакат бўйлаб касаллик юқиши хавфи юқори бўлган 162 та ҳудудни аниқлаган. Касалланиш ҳолатлари бутун мамлакатда қайд этилган бўлса-да, энг кўп ҳолатлар амалдаги пойтахт Коломбо шаҳрига тўғри келмоқда.

Соғлиқни сақлаш мутахассислари ҳозирги эпидемияга денге вирусининг кучлироқ тури сабаб бўлаётганини билдирган. Вазирлик 2017 йилда юз берган йирик эпидемия такрорланишининг олдини олиш учун қуролли кучлардан ёрдам сўраган. Ўша пайтда 186 мингдан ортиқ одам касалланган, камида 450 киши вафот этган эди.

Касаллик тарқалишининг олдини олиш мақсадида ҳарбий ҳаво кучлари дронлари ёрдамида ёмғирдан кейин томлар ва бошқа жойларда тўпланиб қолган сув манбалари аниқланмоқда. Шунингдек, полиция ходимлари уйлар, қурилиш майдонлари ва мактабларда чивинлар кўпайиши мумкин бўлган жойларни текширмоқда.

Маълумотларга кўра, июль ойининг дастлабки икки ҳафтасида 18 мингдан ортиқ бемор шифохоналарга мурожаат қилган. Касалхоналарда қўшимча ўринлар ажратилиб, махсус бўлимлар ташкил этилган.

Мутахассислар касаллик кўпайишига 2025 йил декабрида мамлакатни қамраб олган “Дитвах” циклони ҳам сабаб бўлганини айтмоқда. Циклон оқибатида юзага келган вайроналар ва сув тўпланиши чивинларнинг кўпайиши учун қулай шароит яратган.

Шри-Ланка соғлиқни сақлаш идоралари маълумотига кўра, касалланиш ҳолатларининг қарийб 75 фоизи денге вирусининг тез тарқалувчи DENV-2 тури билан боғлиқ.

Расмийлар август ойида муссон ёмғирлари камайиши билан касалланиш ҳолатлари пасайишини кутмоқда. Бироқ аҳоли ноябрь ойида ёмғирлар қайтиши билан касаллик яна кучайиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилмоқда.

Ҳозиргача мамлакатда чивинлар кўпаядиган 11 мингга яқин ҳудуд тозаланган, бундай жойларга эга бўлган 4 мингдан ортиқ объект эгаларига жарима қўлланган.

Шри-Ланкада 22 миллионга яқин аҳоли истиқомат қилади. Мутахассисларнинг қайд этишича, денге безгаги инфекцияланган Aedes чивинлари орқали юқади. Касаллик айрим ҳолатларда оғир кечиши мумкин бўлиб, асосий аломатлари юқори ҳарорат, кучли бош оғриғи, кўз атрофидаги оғриқ, мушак ва бўғимлардаги оғриқлар ҳамда теридаги тошмалардан иборат.

Айни пайтда Шри-Ланка расмийлари эпидемияга қарши курашда денге безгагига қарши вакцина қўллаш имкониятини ҳам кўриб чиқмоқда. Бироқ мутахассислар вируснинг бир нечта тури мавжудлиги сабабли вакцинанинг самараси чекланган бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Конго Демократик Республикасида Бундибугиё вируси сабаб юзага келган Эбола эпидемиясидан вафот этганлар сони 864 нафарга, тасдиқланган касалланиш ҳолатлари эса 2,2 минг нафарга етгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг