Шойгу Украинадаги қўшинларга ҳужумни кучайтиришни буюрди

Олам 12043
image

Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу Украинадаги ҳарбий амалиётлар доирасидаги вазифаларни бажараётган рус қўшинларининг “Жануб” ва “Марказ” гуруҳларини кўздан кечирди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, вазир “Жанубий” армия қўмондони генерал Сергей Суровикин ва “Марказ” қўмондони генерал-полковник Александр Лапин ҳамда бошқа қўмондонларнинг ҳисоботларини тинглаган. Улар “ҳозирги вазият, украин бўлинмалари ҳаракатларининг моҳияти ва Россия қуролли кучларининг жанговар топшириқларни бажаришдаги муваффақияти” ҳақида маъруза қилган.

“Тинглаш якунида Россия ҳарбий департаменти раҳбари Киев режимининг Донбасс ва бошқа ҳудудлардаги аҳоли пунктлари ва фуқаролик инфратузилмасига йирик ракета ва артиллерия зарбалари бериш эҳтимолини йўқ қилиш мақсадида барча оператив ҳудудларда гуруҳларнинг ҳаракатларини янада кучайтириш бўйича зарур кўрсатмалар берди”, дейилади вазирлик хабарида.

Вазирлик текширув қаерда ўтказилгани ҳақида маълумот бермаган, фақат Шойгу ҳарбийларнинг ҳисоботларини “қўмондонлик пунктида” эшитганини таъкидлаган. Мудофаа вазирлиги эълон қилган видеода вазирнинг ёнида Бош штаб Бош оператив бошқармаси бошлиғи Сергей Рудской ўтиргани кўринади.

Шойгу шунингдек, Лапин ва Луганск Халқ Республикаси халқ милицияси 2-армия корпуси қўмондони, генерал-маёр Эседулла Абачевга Россия Федерацияси Қаҳрамонининг “Олтин Юлдуз” медалини топширган. Президент Владимир Путин 4 июль куни уларга генерал унвонини берганди.

“Марказ” ва “Жанубий” қўшинлари гуруҳлари яқин вақтгача Украинанинг Луганск вилоятида вазифаларни бажарган. Хусусан, Россия Федерацияси Мудофаа вазирлигининг хабар беришича, июнь ойи охирида ҳарбийлар “Марказ” таркибида Украина армиясининг мудофаасини ёриб ўтиб, ўша пайтда Киев назоратидаги сўнгги назоратидаги йирик шаҳар бўлиб қолган Лисичанскни блокадага олган.

Эслатиб ўтамиз, 4 июль куни Шойгу Путин билан учрашувда Украинадаги урушнинг бориши бўйича ҳисоб бериб, Луганс вилояти эгалланганини маълум қилганди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 30
Рейтинг: 3.2
t
×