Шомуродовнинг собиқ жамоадоши дрон ҳужуми туфайли Москвани тарк этди
Спорт
−
10 Август 2023
8693Россиянинг “Динамо” футбол клубида ижара асосида тўп тепган норвегиялик ярим ҳимоячи Матиас Норманн Москвага қилинган дрон ҳужумлари сабабли клуби билан шартномасини бекор қилиб, Россияни тарк этди. Бу ҳақда “Динамо” бош директори Павел Пивоваров маълум қилди.
Қайд этилишича, “Динамо”га сотиб олиш ҳуқуқи билан бир йилга ижарага берилган “Ростов” аъзоси иккала клуб билан ҳам шартномани бекор қилинган. Эндиликда унинг бу қароридан норози бўлган “Динамо” клуби футболчини судга бериш ҳақида ўйламоқда.
“Норманн “Ростов” ва “Динамо” клубларига шартномани бекор қилиш ҳақида баёнот юборди. У Москва шаҳридаги дрон билан боғлиқ вазият туфайли мамлакатни тарк этди. Биз унинг позициясига рози эмасмиз, ҳакамлик судига мурожаат қиламиз. Биз ўз манфаатларимизни ҳимоя қиламиз”, дейди Пивоваров.
Маълумот учун, Матиас Норманн фаолияти давомида Норвегиянинг “Будё-Глимт”, “Молде”, “Свольвер”, “Луфутен”, “Альта”, Англиянинг “Брайтон” ва “Норвич Сити” каби жамоалари шарафини ҳимоя қилган. У 2019 йилда Россиянинг “Ростов” клубига кўчиб ўтган ва бу ерда ўзбекистонлик ҳужумчи Элдор Шомуродов билан жамоадош бўлган. Клуб билан шартномасини 2024 йилга қадар узайтирган футболчи 2022 йилнинг ёзида “Динамо”га ижарага берилган. Норманн Москва клубида ҳозиргача 18 та ўйинда майдонга тушишга улгурган.
Эслатиб ўтамиз, бугун 10 август куни Москва шаҳри 10 кун ичида кетма-кет тўртинчи бор дронлар ҳужумига учради. Бунгача 24, 28, 30 июль ва 1, 6, 9 август кунлари ҳам Россия пойтахтига дронлар ёрдамида ҳужум уюштирилган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь