Украина Россияга йирик дрон ҳужумини уюштирди (видео)

Олам

−

image

Кеча, 24 сентябрь куни тунда Украина Россиянинг бир қатор ҳудудларига йирик дрон ҳужумини уюштириб, нефтни қайта ишлаш заводи ва йўловчи поездига зарар етказди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

 

Қайд этилишича, Россия Мудофаа вазирлиги ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари тун давомида жами 592 та дронни йўқ қилганини маълум қилган. Белгород вилоятида Украина дрони юк машинасига урилиши оқибатида бир фуқаро ҳалок бўлган, яна бир киши яраланган. Пермь вилоятида эса йирик дрон ҳужуми вақтида бир киши ҳалок бўлгани хабар қилинган.

Ростов вилояти губернатори Юрий Слюсар ҳудуд устида 50 га яқин дрон йўқ қилинганини билдирган. Унинг сўзларига кўра, ҳужум оқибатида Новошахтинск нефтни қайта ишлаш заводига зарар етган ва корхона фаолиятини вақтинча тўхтатган. Қурбонлар ҳақида маълумот берилмаган.

Ульяновск вилояти губернатори Алексей Русскихнинг маълум қилишича, ҳужум оқибатида саккиз киши жароҳатланган. Шунингдек, саноат ва фуқаролик инфратузилмасига зарар етган. Мазкур ҳудудда йирик электроника заводи жойлашган.

Самара вилоятида эса Москва–Тольятти йўналишида ҳаракатланаётган йўловчи поездининг электровози ва биринчи вагони ташқи таъсир оқибатида шикастланган. Ҳодиса сабаб поезд ҳайдовчиси жароҳатланган ва ушбу йўналишдаги темир йўл қатнови вақтинча тўхтатилган.

Воронеж вилояти губернатори Александр Гусев эса вилоят маркази ва камида олти туман осмонида 88 та дрон уриб туширилганини маълум қилган. Унинг айтишича, ҳужумларда тўрт киши жароҳатланган, турар жойлар, автомобиллар ва саноат объектларига зарар етган.

Эслатиб ўтамиз, Россия кучлари кеча, 24 сентябрга ўтар кечаси Украина ҳудудларига ҳужум қилганди. Киевда зарба оқибатида 2 киши ҳалок бўлиб, камида 8 киши жароҳатлангани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг