Шольц рус газидан воз кечишнинг оқибати нима бўлишини айтди

Олам 28126
image

Россия газига нисбатан кескин эмбарго (чеклов) Украинадаги ҳарбий можарони тўхтатмайди, балки Германия ва бутун Европада жиддий иқтисодий инқирозга олиб келади. Бу ҳақда Германия канцлери Олаф Шольц айтиб ўтган

“Биринчидан, мен газ эмбаргоси урушни тўхтатиб қўйиишига умуман ишонмайман. Агар Путин иқтисодий далилларни қабул қилганида эди, у ҳеч қачон бу ақлдан озган урушни бошламаган бўларди. Иккинчидан, биз эмбаргодан пул топаётгандек гапиряпсиз. Аммо биз қандай қилиб жиддий иқтисодий инқироздан, миллионлаб иш ўринлари ва бошқа ҳеч қачон очилмайдиган заводларнинг йўқолишидан сақланишимиз мумкин”, дейди Шольц. 

Унинг фикрича, эмбарго натижасида Германия ва бутун Европа иқтисодига жиддий зарар етиши мумкин. Бу эса ҳарбий можаро тугаганидан кейин Украинани тиклашни молиялаштиришда қийинчиликлар туғдиради. 

Аввалроқ, Франция Молия вазири Брюно Ле Мэр Россия газига нисбатан эмбарго ҳали Кремльга қарши санкциялар сифатида муҳокама қилинмаганини айтганди. Унга кўра, Россия газига чеклов қўйиш бир неча давлат иқтисодини тўхтатиб қўйиши мумкин.

Шунингдек, Австрия Бош вазири Карл Нехаммер Германия, Венгрия ва Австрия газ эмбаргосини қўллаб-қувватламаслигини маълум қилганди. 

Эслатиб ўтамиз, Европарламент жорий йилнинг март ойида Россия энергия ташувчиларга эмбарго жорий этишга чақирувчи резолюцияни қабул қилган эди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 95
Рейтинг: 3.1
t
×