“Сен бўлмасанг бошқаси”. Кремль Ғарб рус газидан воз кечмоқчилигига изоҳ берди
Олам
−
07 Апрель 2022
27108Ғарб давлатлари рус газини сотиб олишдан бош тортса, Россия бошқа мамлакатларга газ етказиб бериши мумкин, чунки дунё анча кенг. Бу ҳақда кеча, 6 апрель куни Россия Федерацияси президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Франциянинг LCI телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди.
Песков Россия узоқ муддатдан бери санкциялар билан яшаб келаётганини ва бунга ўрганиб қолганини айтган. У санкцияларга қарамай ҳаёт давом этишини таъкидлаган.
“Биз сизларнинг йўқотишларингизни диққат билан кузатяпмиз. Биз газни бошқа давлатларга сотишимиз мумкин. Дунё Ғарбдан анча кенг, бутун жаҳонда газ учун талаб бор”, деган Песков журналистнинг Ғарб рус газини сотиб олишдан бош тортса, Россия кўрадиган зарар ҳақидаги саволга жавобан.
Песковнинг сўзларига кўра, дунёда янги тартибот, янги молиявий тизим шаклланмоқда ва бу муқаррар содир бўлади.
Жорий йилнинг 5 апрель куни Франция Ташқи ишлар вазирлиги давлат котиби Клемент Бон Европа Иттифоқи Украинадаги уруш туфайли Россияга қарши санкцияларни кучайтиришга тайёрланаётганини айтди. Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен тақиқ, хусусан, яримўтказгичлар, машиналар ва транспорт ускуналарини Россия Федерациясига экспорт қилиш, шунингдек, Россия кўмирини импорт қилишга таъсир қилишини айтди. Бундан ташқари, Россия Федерациясидан нефть импортига нисбатан чоралар кўрилиши кутилмоқда. Бироқ, ЕИ Россия газини рад этмайди, чунки Венгрия бундай қарорга вето қўйишга тайёр.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь