Санкцияга учраган россиялик олигарх фаррошга тўлашга пули қолмаганини айтди
Олам
−
17 Март 2022
14799Буюк Британия ва Европа Иттифоқи санкциялари остида қолган россиялик миллиардер Михаил Фридман ўзини Лондонда асир деб атади. Миллиардерга кўра, унда ҳатто фаррош аёлнинг хизматлари учун ҳам пул йўқ. Бу ҳақда “Bloomberg Businessweek” ёзмоқда.
Санкциялар остида қолган Фридман “Альфа-банк”, X5 Group ва Veon компаниялари директорлар кенгашларидан истеъфога чиққан. Лондонда яшовчи Фридман билан суҳбатлашган нашрнинг ёзишича, у Исроил паспортига эга.
Аммо у Исроилга кўчиб ўтиш учун у ерда уйи йўқлигини ва уй сотиб олишга пули йўқлигини айтган.
“Мен бу ерда маҳбусман”, дея унинг сўзларини келтиради нашр.
Таъкидланишича, Европа Иттифоқи ва Буюк Британиянинг чора-тадбирлари миллиардернинг ҳисоблари музлатилишига олиб келди ва энди у ҳатто кичик харажатларга, масалан, тозалаш учун ҳам қандай тўлов қилиш ҳақида ўйламоқда.
“Балки уйни ўзим тозалашим керак. Бу нормал ҳолат. Талабалик пайтимда тўрт киши билан кичик ётоқхонада яшардим. Аммо 35 йилдан кейин бу кутилмаган ҳол”, деган Фридман интервьюсида.
Қайд этилишича, ҳисоблар блокланганидан кейин Фридман Британия ҳукуматидан пул сарфлаш учун рухсат олиши керак бўлади, бу унинг сўрови асослилигини аниқлаши керак. Фридманнинг харажатлари ойига тахминан 2,5 минг евро билан чекланиши мумкин.
Санкциялар жорий этилгунга қадар Фридманнинг бойлиги тахминан 14 миллиард долларни ташкил қилган. Ҳозир унинг қоғоздаги бойлиги ўн миллиард долларга яқин.
Фридманга кўра, унинг Лондондаги уйи, Москвадаги уйи ва Латвиядаги ота-онасининг квартирасидан бошқа кўчмас мулки йўқ, шунингдек, “мусодара қилиниши мумкин бўлган яхта ёки самолёти йўқ”.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси