Санду Молдовадаги Россия ҳарбийларини чиқариш ниятида
Олам
−
21 Ноябрь 2020
7361Молдованинг сайланган Президенти Майя Санду 28 йилдан бери мамлакат ҳудудида бўлиб турган Россия тинчликпарвар кучларини уйига қайтариш ниятида эканини маълум қилди. У Приднестровья билан боғлиқ можаро ечими рус аскарларининг минтақадан буткул чиқишини ўз ичига олиши кераклигини қатъий таъкидламоқда.
“Мен Молдованинг федераллашувига қаршиман, Додон [Молдованинг амалдаги Президенти] ва унинг партияси таклиф қилган вариантни қўллаб-қувватламайман. Улар аниқ таклиф бермади, аммо федерализация ҳақида гапирди. Ишончим комилки, биз муаммони ечиш шаклини топамиз. У Россия ҳарбийлари Молдова ҳудудидан тўлиқ чиқишини ўз ичига олиши керак. Биз бу ҳақда доим айтганмиз ва бундан кейин ҳам айтишда давом этамиз”, деган Санду Украинанинг “Европейская правда” нашрига берган интервьюсида.
Сиёсатчи муаммони ечиш йўли ҳали топилмаганини қўшима қилган.
Маълумот учун, Россия тинчликпарвар кучлари 1992 йил 29 июлда Приднестровья раҳбари иштирокида Россия Федерацияси ва Молдова Президентлари томонидан 1992 йил 21 июлда имзоланган Молдова Приднестровья минтақасидаги қуролли можарони тинч йўл билан ҳал қилиш принциплари тўғрисидаги битимга мувофиқ киритилган. Айни пайтда Россия тинчликпарвар кучлари Днестр бўйидаги хавфсизлик зонасини Молдованинг “кўк каскалилар” гуруҳи, Приднестровья ва Украинанинг бир гуруҳ ҳарбий кузатувчилари билан бирга қўриқлайди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 ноябрь куни Молдовада президентлик сайловлари ўтказилди. Сайловнинг иккинчи тури натижасига кўра, ғарб билан яқинлашув тарафдори бўлган Майя Санду ғолиб бўлди.
Майя Санду ким?
Майя Санду 1972 йилда Молдова шимолидаги “Рисипен” қишлоғида туғилган. Иқтисодий таълим академиясини ва Молдова Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини ҳамда Гарвард институти қошидаги давлат бошқаруви мактабини тамомлаган. У Европа Иттифоқи, Жаҳон банки, БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилган. Вашингтондаги Жаҳон банки Ижрочи директорининг маслаҳатчиси бўлиб ишлаган. Румин, инглиз, рус ва испан тилларида бемалол мулоқот қила олади.
Санду АҚШдан Молдовага қайтиб келгач, 2012 йилда “Влад Филат” ҳукуматида таълим вазири лавозимини эгаллаш таклифини олган. Ушбу лавозимда у таълим соҳасидаги қаттиқ ислоҳотлар билан кенг танилган. Молдовада миллатлараро мулоқот тили мақомига эга бўлган рус тили Санду даврида мактабларда мажбурий эмас қилиб қўйилган. Бугунги кунда Санду харажатларни оптималлаштириш мақсадида кўплаб қишлоқ мактабларини ёпган ва бу кўпчиликни бўш қолдиргани учун танқидларга сабаб бўлмоқда.
2016 йилги президентлик сайловларида Санду Европапараст кучларнинг ягона номзодига айланди. Aммо у иккинчи босқичда қадар Додонга 4 фоиз фарқ билан ютқазган. 2019 йил июнь ойида Бош вазир лавозимини эгаллаган Санду коррупцияни енгиш, Европага интеграция сиёсатини олиб бориш ва Россия билан конструктив муносабатларни давом эттиришга ваъда берди. Бироқ, таклифномага қарамай, у Москвага ташриф буюрмаган.
2020 йилда Сандунинг партияси уни президентлик сайловида қайтадан номзод қилиб кўрсатди. Уларнинг фикрича, парламентни тозалаш учун муросасиз одамларни судья этиб тайинламайдиган, жамиятни бирлаштириб, бошқаларга ўрнак бўладиган, одамларни ҳурмат қиладиган ҳалол Президент зарур.
Санду сайловчиларининг аксарияти унинг Президент этиб сайланганидан кейин мамлакатда ҳаёт яхшиланади, деган умидда. Aммо бу чигал масала. Молдова парламентли республика бўлиб, Президент деярли барча қарорларини парламент аъзолари билан келишиб ҳал қилади. Парламентда Санду тарафдорлари ҳал қилувчи даражада кўпчиликни ташкил қилмайди. Ҳукуматни шакллантириш, шунингдек, эътироз билдирувчи қонун чиқарувчи органни тарқатиб юбориш унга осон бўлмайди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь