Молдовада биринчи марта аёл киши президентликка сайланиши мумкин

Олам

image

Жорий йилнинг 1 ноябрь куни Молдовада бўлиб ўтган президентлик сайловининг биринчи босқич натижасига кўра, “Ҳаракат ва бирдамлик” партиясининг етакчиси Майя Санду Молдава Республиканинг амалдаги раҳбари Игорь Додондан 3,5 фоиз кўпроқ овоз олди

Ушбу сайловнинг иккинчи тури 15 ноябрь куни бўлиб ўтади. Бу иккала номзод 2016 йилда бўлиб ўтган президентлик сайловида ҳам курашган эди. 

Санду ўз Сайлов дастурида Европа Иттифоқи билан яқинлашиш, Ғарб жамғармалари кўмагида иқтисодий ривожланишга, шунингдек, коррупцияга қарши курашга эътибор қаратган. У “Молдованинг миллий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда Россия билан яхши алоқалар ўрнатиш”га интилишини айтиб ўтган. 

“Молдова раҳбарлари Россияда ишлаётган фуқароларимиз учун яхши шароитларни яратиб бериши керак. Россияга экспорт очиш учун барқарор ечим топишимиз керак”, дейди у.

Санду 1972 йилда Молдова шимолидаги “Рисипен” қишлоғида туғилган. Иқтисодий таълим академиясини ва Молдова Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини ҳамда Гарвард институти қошидаги давлат бошқаруви мактабини тамомлаган. У Европа Иттифоқи, Жаҳон банки, БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилган. Вашингтондаги Жаҳон банки Ижрочи директорининг маслаҳатчиси бўлиб ишлаган. Румин, инглиз, рус ва испан тилларида бемалол мулоқот қила олади.

Санду АҚШдан Молдовага қайтиб келгач, 2012 йилда “Влад Филат” ҳукуматида таълим вазири лавозимини эгаллаш таклифини олган. Ушбу лавозимда у таълим соҳасидаги қаттиқ ислоҳотлар билан кенг танилган. Молдовада миллатлараро мулоқот тили мақомига эга бўлган рус тили Санду даврида мактабларда мажбурий эмас қилиб қўйилган. Бугунги кунда Санду харажатларни оптималлаштириш мақсадида кўплаб қишлоқ мактабларини ёпган ва бу кўпчиликни бўш қолдиргани учун танқидларга сабаб бўлмоқда.
 
2016 йилги президентлик сайловларида Санду Европапараст кучларнинг ягона номзодига айланди. Aммо у иккинчи босқичда қадар Додонга 4 фоиз фарқ билан ютқазган. 2019 йил июнь ойида Бош вазир лавозимини эгаллаган Санду коррупцияни енгиш, Европага интеграция сиёсатини олиб бориш ва Россия билан конструктив муносабатларни давом эттиришга ваъда берди. Бироқ, таклифномага қарамай, у Москвага ташриф буюрмаган. 

2020 йилда Санду партияси уни президентлик сайловида қайта номзодини кўрсатди. Уларнинг фикрича, парламентни тозалаш учун ҳалол Президент керак. Муросасиз одамларни судья этиб тайинламайдиган, жамиятни бирлаштириб, бошқаларга ўрнак бўладиган, одамларни ҳурмат қиладиган Президент зарур.

Санду сайловчиларининг аксарияти унинг Президент этиб сайланганидан кейин мамлакатда ҳаёт яхшиланади, деган умидда. Aммо бу чигал масала. Молдова парламентли республика бўлиб, Президент деярли барча қарорларини парламент аъзолари билан келишиб ҳал қилади. Парламентда Санду тарафдорлари ҳал қилувчи даражада кўпчиликни ташкил қилмайди. Ҳукуматни шакллантириш, шунингдек, эътироз билдирувчи қонун чиқарувчи органни тарқатиб юбориш унга осон бўлмайди.

Динара Юсупова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

57

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг