Самарқандда дарахт кесган фуқаро 71 млн сўмдан ортиқ жаримага тортилди
3-саҳифа
−
21 Октябрь
2147Самарқанд вилоятининг Тойлоқ туманида тут дарахтини кесган фуқаро 71 миллион сўмдан ортиқ жаримага тортилди. Бу ҳақда вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, давлат инспекторлари томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида туманнинг “Хўжаюз” МФЙ ҳудудидаги тегишли рухсатларсиз соғлом кўкариб турган 1 туп тут дарахти шу атрофда яшовчи фуқаро У.З. томонидан кесиб ташлангани маълум бўлган.
Шу боис фуқарога Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси (Дарахтларни, буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш) 1-қисмига мувофиқ табиатга етказилган зарари учун 71 миллион 250 минг сўм қўлланган.
“Республикада давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг кесилишига қарши мораторий жорий этилиши муносабати билан дарахтларни тегишли рухсатларсиз кесиш қатъиян ман этилади”, дейилган хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятида дарахтларни ноқонуний кесган фуқаро табиатга 260 миллион сўм зарар етказганди. Ҳуқуқбузар кесилган дарахт бўлакларини Isuzu русумли юк машинасига юкланаётган вақтида ашёвий далиллар билан бирга қўлга олинганди. Иш юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш учун Тошкент вилоят прокуратурасига юборилганди.
LiveБарчаси