5 туп дарахт кесган фуқаро табиатга 260 млн сўм зарар етказди
3-саҳифа
−
26 Сентябрь
2430Тошкент вилоятида дарахтларни ноқонуний кесган фуқаро табиатга 260 млн сўм зарар етказди. Бу ҳақда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Тошкент вилояти Экология бошқармаси тезкор экологик назорат гуруҳи инспекторлари томонидан Оҳангарон тумани ҳудудида экологик назорат тадбирлари ўтказилган. Тадбир жараёнида Оҳангарон тумани “Тошариқ” МФЙ Истиқбол кўчасида яшовчи фуқаро Б.Д. соғлом ўсиш ҳолатидаги 2 туп шотут, 2 туп ёнғоқ ва 1 туп тол дарахтларини ҳеч қандай рухсатномасиз ноқонуний равишда таг қисмидан кесиб ташлагани аниқланган.
Ҳуқуқбузар кесилган дарахт бўлакларини Isuzu русумли юк машинасига юкланаётган вақтида ашёвий далиллар билан бирга қўлга олинди.
Ҳолат юзасидан инспекторлар томонидан тегишли тартибда далолатнома расмийлаштирилди. Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни экиш, парвариш қилиш ва улардан фойдаланиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 464-сонли Қарорининг тегишли иловасига мувофиқ табиатга етказилган зарар 260 млн сўмни ташкил этди. Автотранспорт воситаси эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 291-моддаси тегишли бандига асосан вақтинча жарима майдонига жойлаштирилди.
Шунингдек, иш юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш учун Тошкент вилоят прокуратурасига юборилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хоразмда 4 туп дарахт кесган фуқаро 27 млн сўм жаримага тортилганди.
LiveБарчаси