Ўзбекистонда миллионлаб дарахт кўчатлари экилмоқда. Улар қандай назорат қилинади?
Ўзбекистон
−
15:50 525 2 дақиқа
Ўзбекистонда “Яшил макон” лойиҳасининг кузги мавсуми давом этмоқда. Айрим ҳудудларда бир миллиондан ортиқ кўчат экиш режалаштирилган бўлса, бошқаларида янги боғлар барпо этилмоқда.
Ўзбекистонда кузги кўчат экиш ишлари авж олган. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида бу гал ҳам миллионлаб дарахт кўчатларини экиш, чўл ҳудудларини яшиллаштириш ва аҳоли яшаш жойларида янги боғлар ташкил этиш кўзда тутилган.
Бироқ бу жараёнда фақат кўчат экиш эмас, уларнинг маҳаллий иқлимга мослиги ва кейинги парвариши ҳам аҳамият касб этади.
Масалан, Фарғонанинг Ёзёвон туманида 2 минг тупдан ортиқ дарахт экилган. “Янги Ўзбекистон” массивидаги 104 та кўп қаватли уй аҳолиси учун барпо этилаётган паркда чинор, каталпа, оқ қайин, эман ва клён кўчатлари ўтқазилди. Масъулларга кўра, ҳар бир кўчат электрон платформага киритилиб, унинг парвариши ва кўкариши назорат қилинади.
Бухоронинг Шофиркон туманида эса эътибор чўл иқлимига мос дарахтларга қаратилган. Қизилқумга туташ ҳудуддаги кўчатзорда қарийб 1 миллион туп кўчат парваришланмоқда. Улар орасида қурғоқчилик ва шўрхок ерларга чидамли гужум дарахтлари, павловния ва бошқа манзарали ўсимликлар бор.
Айни пайтда Сирдарёнинг Сардоба туманида 1 миллион 135 минг, Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманида 600 мингдан ортиқ кўчат экиш режалаштирилган. Қашқадарёнинг Қамаши давлат ўрмон хўжалигида эса кузги мавсум учун 320 минг туп кўчат захираси тайёрланган.
Бошқа ҳудудларда ҳам ишлар давом этмоқда. Жумладан, Навоийнинг Зарафшон шаҳрида 1000 туп, Наманганнинг Уйчи туманида 2200 тупдан ортиқ манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экилган.
Жиззах шаҳрида аҳоли учун ташкил этилган ярмаркаларда кўчатларнинг 30 дан ортиқ тури сотувга чиқарилган. Самарқандда ёшлар иштирокида “Ёшлар боғи” яратилиб, 450 туп дарахт экилди. Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманидаги Шодлик маҳалласи аҳолиси эса ўз ҳудудида 100 туп кўчат ўтқазди.
Андижон, Сурхондарё ва Тошкент вилоятида ҳам кўкаламзорлаштириш тадбирлари ўтказилмоқда.
Мамлакат бўйлаб олиб борилаётган бу ишлардан кўзланган мақсад яшил майдонларни кенгайтириш ва экологик муҳитни яхшилашдир. Шу билан бирга, экилган кўчатларнинг қанчаси униб, дарахтга айланиши уларнинг кейинги парваришига ҳам боғлиқ. Шу сабабли кўчат экиш билан бир қаторда уларни сақлаб қолиш ва доимий назорат қилиш масаласи ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Live
Барчаси