АҚШда зараркунандалар туфайли миллиардлаб дарахт нобуд бўлди
Олам
−
12:52 660 2 дақиқа
АҚШга ўсимликлар ва импорт маҳсулотларининг ёғоч қадоқлари орқали кириб келган зараркунанда ҳашаротлар ҳамда касаллик қўзғатувчи микроорганизмлар миллиардлаб дарахтнинг нобуд бўлишига сабаб бўлди. Бу ҳақда “The New York Times” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, мамлакатнинг шимоли-шарқий ҳудудлари энг кўп зарар кўрган. Бу ҳудудлар дарахт турларининг хилма-хиллиги ва импорт маҳсулотларининг катта ҳажмда олиб кирилиши билан ажралиб туради. Айрим жойларда ўрмонлар йўқолиб, уларнинг ўрнини тиканли буталар ва чирмашиб ўсувчи ўсимликлар эгаллаган.
Энг катта зарар шумтол дарахтларига етган. 2002 йилда Детройт яқинида шумтолларга зарар етказувчи зумрад рангли қўнғиз аниқланган. Орадан 20 йил ҳам ўтмай, Шимолий Америкада ўсадиган шумтолнинг барча олтита асосий тури йўқолиб кетиш хавфи остидаги турлар қаторига киритилган.
Шунингдек, ширага ўхшаш майда ҳашаротлар цуга номли игнабаргли дарахтларни нобуд қилмоқда. 2012 йилдан буён Япониядан кириб келган микроскопик чувалчанглар бук дарахтларининг баргларига зарар етказмоқда.
Претория университетининг ўрмон касалликлари бўйича мутахассиси Бернард Слипперс халқаро савдо зараркунандаларнинг дунё бўйлаб тез тарқалишига сабаб бўлаётганини таъкидлади.
“Савдо орқали биз ҳашаротлар ва микробларни дунё бўйлаб жуда тез тарқатяпмиз. Аслида, бу билан ўзига хос тажриба ўтказяпмиз”, дейди у.
2002 йилда давлатлар халқаро савдода ишлатиладиган ёғоч қадоқларга юқори ҳароратда ишлов бериш ёки уларни махсус газ билан зарарсизлантиришга келишиб олган. Шундан сўнг зараркунандалар билан зарарланган юклар улуши тахминан учдан бир қисмга ёки ярмига камайган. Бироқ олимларнинг таъкидлашича, бу қоидаларга ҳамма жойда ҳам амал қилинмайди.
2011 йилда тадқиқотчилар пўстлоқхўр ва ёғочни кемирувчи ҳашаротлар зарарлаган дарахтларни кесиш, алмаштириш ва даволаш АҚШ маҳаллий ҳокимиятларига йилига қарийб 1,7 миллиард долларга тушишини ҳисоблаб чиққан. Битта дарахтни ҳашаротларга қарши воситалар билан ҳимоялашнинг ўзи ҳам 150 долларга тушиши мумкин.
Шу сабабли олимлар зараркунандаларни йўқ қиладиган бошқа ҳашаротлардан ҳам фойдаланмоқда. Жумладан, Корнелл университети тадқиқотчилари ўрмонларга юз минглаб пашша ва қўнғизларни қўйиб юборган.
Бундан ташқари, зараркунандалардан омон қолган дарахтларни чатиштириш орқали уларга чидамли янги навлар яратиш устида иш олиб борилмоқда.
Халқаро савдо орқали бегона ҳашаротлар ва бошқа организмлар дунёнинг турли ҳудудларига тарқалмоқда. Европа касалликларнинг олдини олиш ва назорат қилиш маркази (ECDC) маълумотларига кўра, 2025 йил июнь ойига келиб, Осиё йўлбарс чивини Европа Иттифоқи ва Европа иқтисодий ҳудудидаги 16 мамлакатнинг 369 та ҳудудида доимий тарқалган.
Бу чивин денге иситмаси, чикунгуня ва Зика вирусларини тарқатиши мумкин. Таққослаш учун, 2013 йилда бундай чивинлар 114 та ҳудудда қайд этилган.
Маржона Маманиёзова
Live
БарчасиРубионинг Ўзбекистонга ташрифи якунланди
16 Октябрь