Саида Мирзиёева “Арқадағ”нинг қизига Самарқанддаги бебаҳо бойликларни кўрсатди
Жамият
−
24 Апрель
9824Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг тўнғич қизи Огулжаҳон Отабоева билан Самарқанд шаҳрини сайр қилди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
“Огулжаҳон Гурбангулиевна билан бирга Самарқанднинг диққатга сазовор жойлари – Амир Темур мақбараси, Бибихоним масжиди ва афсонавий Регистон майдонини зиёрат қилдик. Айниқса, қадимий ҳунармандчилик асраб-авайлаб келинаётган Конигил туризм қишлоғи чуқур таассурот қолдирди”, деб ёзди у ўз постида.
Шунингдек, Мирзиёева Самарқанд нафақат Ўзбекистоннинг дурдонаси, балки бутун минтақанинг муҳим маданий маркази эканини, у ерда Марказий Осиё халқларининг тарихи, санъати ва маънавий мероси ўзаро уйғун эканини қайд этган.
“Азиз меҳмонимиз билан бу бебаҳо бойликни келажак авлодлар учун сақлаб қолиш ниҳоятда муҳим эканини таъкидладик”, дейди у.
Маълумот учун, Гурбангули Бердимуҳамедов кеча, 23 апрель куни ташриф билан Самарқандга келди. Тантанали равишда икки мамлакат байроқлари билан безатилган Самарқанд халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёев кутиб олди. Самарқанд шаҳридаги тадбирлар доирасида Мирзиёев ва Бердимуҳамедов биргаликда Ҳазрати Хизр мажмуасига ташриф буюриб, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига ҳурмат кўрсатди. Шундан сўнг, етакчилар биргаликда “Silk Road Samarkand” халқаро туризм марказидаги “Боқий шаҳар” тарихий-этнографик боғи ҳудудида ташкил этилган маданий тадбирларда иштирок этди. Бугун, 24 апрель куни Самарқанд шаҳрида Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедовнинг музокаралари бўлиб ўтди. Шундан сўнг, Гурбангули Бердимуҳамедовга Ўзбекистон Республикасининг юксак давлат мукофоти – "Олий Даражали Дўстлик" орденини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди. Шавкат Мирзиёев мукофотни топширар экан, Гурбангули Бердимуҳамедовнинг қардош мамлакатлар ўртасидаги анъанавий дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашдаги улкан хизматларини алоҳида қайд этди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Саида Мирзиёева туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовни Самарқандда “Олий Даражали Дўстлик” орденини қабул қилиб олгани билан табриклаганди.
LiveБарчаси