Рус қўшинлари бир ҳафтада ҳеч қандай муваффақиятга эришолмади – Зеленский

Олам

image

Украинага ҳужум қилган Россия қўшинлари ўтган ир ҳафтада мақтангулик натижага эришолмади. Киев барча мудофаа чизиқларини сақлаб қолган. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский навбатдаги видеомурожаатида сўз очган.

“Биз босқинчилар ўз тактикасини ўзгартиришга мажбур бўлишлари учун турибмиз. Россиянинг Украина шаҳарларига ракета ва бомба зарбаларини бериши бизнинг заминимизда ҳеч нарса қила олмаганликларини тан олишдир. Мудофаамизнинг барча йўналишлари сақланиб қолган, душман ҳеч бир стратегик йўналишда муваффақият қозона олмаяпти. Улар (Россия ҳарбийлари – таҳр.) енгилган, улар ҳалокатга маҳкум”, дейди Зеленский.

Шунингдек, Украина Президенти рус ҳарбийларини ўз уйларига кетиб, русийзабонларни ҳимоя қилишга чақирган. 

“Улар бизни кўп марта йўқ қилишни хоҳлашди. Аммо қила олмадилар. Биз жуда кўп нарсаларни бошдан кечирдик! Ва агар кимдир буларнинг барчасини енгиб ўтиб ҳам, украиналиклар қўрқади, синади ёки таслим бўлади деб ўйласа - у Украина ҳақида ҳеч нарса билмайди. Ва унга Украинада жой йўқ.

Уйингизга боринг. Русийзабонларни ҳимоя қилинг. Бутун дунёдагиларни эмас, балки ўз мамлакатингиздагиларни”, дейди Зеленский.

Россиянинг Украинага босқини

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинга босқин

Баҳолаганлар

78

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг