Россиянинг Украинага қарши уруши Хитойни ташвишга туширди – АҚШ бош разведкачиси

Олам

image

Россия Федерациясининг жорий йилнинг 24 февраль куни Украинага қарши бошлаган кенг кўламли босқини Хитойни Тайванга ҳужум қилиш масаласини батафсил кўриб чиқишга мажбур қиляпти. Бу ҳақда АҚШ Марказий разведка бошқармаси раҳбари Уильям Бернс Колорадо штатидаги Аспен институтида анъанавий хавфсизлик форумидаги нутқида айтиб ўтди, деб хабар берди “The Guardian”.

Бернснинг таъкидлашича, Хитой Россиянинг Украинага қарши беш ойлик урушини кузатиб ташвишга тушган. Чунки Путин Киевдаги ҳукуматни бир ҳафтада ағдаришни мақсад қилган, якунда эса буткул муваффақиятсизликка учраган.

“Биз гап Хитой раҳбарияти бир неча йил ичида Тайванни назорат қилиш учун куч ишлатишга қарор қилиши мумкинлиги ҳақида эмас, балки улар буни қандай ва қачон амалга ошириши ҳақида кетмоқда деб ҳисоблаймиз”, деган Марказий разведка бошқармаси раҳбари.

Қайд этилишича, Хитой расмийлари Украинадаги вазиятга назар ташлаб, “енгиб бўлмас куч” билан тез ва ҳал қилувчи ғалабаларга эришиш мумкин эмаслигини англаб етди. Украинадаги кенг кўламли уруш бошқаларга сабоқ бўлди, дейди Бернс.

Хитой Тайванни босиб олиш учун ҳамма нарсани олдиндан ўйлаб кўриш ва “ахборот маконини тўлиқ назорат қилиш” ҳақида қайғуриши кераклигини тушана олади. Бундан ташқари, босқиндан олдин, мамлакат ўзини санкциялардан ҳимоя қилиш учун ҳамма нарсани ўйлаб, чоралар кўриши мумкин.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

38

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг