“Россияни террористик давлат деб тан олинг”. Зеленский қарсаклар остида Британия парламентига мурожаат қилди 

Олам

image

Украина Президенти Владимир Зеленский кеча, 8 март куни видеоалоқа орқали Буюк Британия парламентида нутқ қилди. Хусусан, у Жамоалар палатаси аъзолари ва Британия Бош вазири Борис Жонсон ҳукуматидан Россия билан урушда Украинага ёрдам беришни сўради.  

Бутун парламент ва меҳмонлар Украина Президентини тик оёқда, қарийб бир дақиқа давомида қарсак чалиб қаршилади. Ваҳоланки, Жамоалар палатасида депутатларга қарсак чалиш тақиқланган. 

“Украина бунга интилмади. Буюкликни қидирмади. Аммо урушнинг шу кунларида у буюк бўлди. Босқинчиларнинг даҳшатига қарамай, одамларни қутқарувчи Украина. Дунёдаги энг буюк армиялардан бирининг зарбаларига қарамай, у озодликни ҳимоя қиляпти. Очиқ осмонга қарамай, ўзини ҳимоя қиляпти. У ҳали ҳам Россия ракеталари, самолётлари, вертолётлари учун очиқ. Биз мустақиллигимиз ва Украинамизни йўқотмоқчи эмасмиз. Ҳудди нацистлар мамлакатингизни эгаллаб олишга уринганда, сиз ватанингизни йўқотишни хоҳламаганингиздек”, деган Зеленский. 

Шунингдек, Зеленский Россия босқинида ҳалок бўлган болалар ҳақида гапирган. 

“Россия босқинининг 13 кунида 50 нафар бола ҳалок бўлди. 50 буюк шаҳидлар. Бу даҳшатли! Бу бўшлиқ. Биз таслим бўлмаймиз ва ютқазмаймиз. Охиригача курашамиз – ҳавода ҳам, ерда ҳам ўз заминимиз учун курашамиз. Биз ўрмон ва далаларда, қирғоқ ва кўчаларда жанг қиламиз” деган Украина Президенти. 

У нутқи давомида Борис Жонсонга миннатдорлик билдирган. 

“Борис, дўстим, сендан алоҳида миннатдорман! Террорчи давлатга қарши санкцияларни кучайтиринг. Ниҳоят уни террористик давлат деб тан олинг. Украина осмонимизни хавфсиз қилиш йўлини топинг. Қўлингиздан келганини қилинг. Буюк Украинага шон-шарафлар! Буюк Британияга шон-шарафлар!” деган Зеленский.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

24

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг