Россиялик олигархлар ЕИ санкцияларини писанд қилмаяпти – ОАВ
Олам
−
14 Июнь 2022
12132Россия олигархларининг санкциялар остида қолган самолётлари Европа осмонида парвоз қилишда давом этмоқда. Бу ҳақда “Welt” газетаси хабар берди.
Қайд этилишича, Россия олгархларининг самолёти санкция остида тушганидан кейин 30 га яқин парвозларни амалга оширган.
Жумладан, жорий йилнинг март ойи ўрталарида Британия ҳукумати Роман Абрамовичнинг дўсти, “Millhouse” компанияси раҳбари, миллиардер Евгений Швидлернинг самолётини қўлга олганди. Ҳибсга олинишидан олдин самолёт Европа Иттифоқи ҳудудида, жумладан Германия ҳаво ҳудудида саккиз марта парвоз қилган. Швидлернинг самолёти охирги марта 18 март куни Гамбургдан Лондонга учган.
Яна бир россиялик олигарх Алишер Усмоновнинг самолёти Мюнхендан 28 февраль куни (ҳаво ҳудуди ёпилган куннинг эртасига) ҳавога кўтарилган. Тадбиркорга тегишли яна бир самолёт бу вақтда Флоренциядан Тошкентга учаётган эди.
Россиялик тадбиркор Альберт Авдоляннинг Сан-Маринода рўйхатдан ўтган ва Швейцария компанияси томонидан бошқариладиган самолёти 2 март куни Ниццадан Истанбулга учган.
Олигарх Виктор Вексельбергга тегишли бўлган ва Люксембургда рўйхатдан ўтган самолёт ҳам апрель ойида Европани тарк этишга муваффақ бўлган. Самолёт Базелдан ҳавога кўтарилиб, Европа Иттифоқи ҳаво ҳудудини кесиб ўтиб, Қозоғистон пойтахти Нур-Султонга қўнган.
Бундан ташқари, миллиардер Александр Занадворовнинг вертолёти Франция бўйлаб парвоз қилмоқда. Вертолёт санкциялар жорий этилганидан бери камида саккиз марта ҳавога кўтарилган.
Бизнес-жет ва вертолётларнинг парвоз қилишда давом этиши уларнинг Россиядан ташқарида рўйхатдан ўтгани ва қоғозда ушбу мамлакат компанияларига тегишли эмаслиги билан изоҳланади. Мулкчилик тузилмасида шаффофликнинг йўқлиги олигархлар учун офшор компаниялар ва фирибгар компаниялар орқали самолётларни назорат қилишни қийинлаштиради.
Маълумот ўрнида, Европа Иттифоқи Россия Украинада уруш бошлаганидан сўнг Москвага нисбатан жорий этилган санкциялар доирасида ҳаво ҳудудини ёпди. Европа Иттифоқи ва АҚШ бир қатор россиялик тадбиркорларнинг активлари музлатиб, яхталар ва самолётларини мусодара қилди ва уларнинг Европа давлатларига киришини тақиқлади.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси