Россияда тақиқланган “Толибон” Москвада. Путин бундан хабардорми?
Олам
−
09 Июль 2021
21798Аввал хабар берганимиздек, кеча, 8 июль куни Россияда тақиқланган ташкилот — “Толибон” ҳаракати вакиллари музокаралар учун Москвага ташриф буюрди.
“Толибон” ҳаракати сиёсий идораси делегациясининг Москвага ташрифидан Россия Президенти Владимир Путиннинг хабари борлиги маълум бўлди. Бунга давлат раҳбарининг Матбуот котиби Дмитрий Песков аниқлик киритди.
“Албатта, Путиннинг хабари бор, алоқалар Афғонистонда, Афғонистон ва Тожикистон чегарасида вазият кескин ривожланиб бораётгани фонида зарур, бу музокаралар керак”, деган Кремль вакили.
Шунингдек, журналистларнинг Москва бутун Афғонистонни эгаллаб оладиган бўлса, у толибларни тан оладими деган саволига Песков бу каби фикр юритиш ўринли эмас, деб жавоб берган.
“Менимча, бу саволга қандайдир тарзда жавоб бериш мумкин эмас”, деган у.
Толиблар Москвага қилган ташрифи давомида бир қатор баёнотлар берди. Хусусан, улар мақсади — “эркин Исломий Давлат тизими”ни яратиш эканини маълум қилди. Шунингдек, ҳаракат вакиллари Марказий Осиё давлатлари чегараларини бузмасликка ваъда берди. Бундан ташқари, “Толибон” айни вақтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилишини айтиб ўтди.
Маълумот ўрнида, сўнгги бир неча ой давомида Афғонистонда ҳукумат кучлари ва толиблар ўртасида мамлакатнинг муҳим ҳудудлари учун кураш кетмоқда. “Толибон” ҳаракати мамлакатнинг 85 фоизини ўз назоратига олганини даъво қилганди. Айни вақтда Афғонистон расмийлари ушбу маълумотни рад этган. Қайд этиш керакки, Афғонистондаги беқарорлик хорижий қўшинларнинг мамлакатни тарк этиши фонида кучаймоқда.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ жорий йилнинг май ойидан ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқа бошлади. Хабарларга кўра, расмий Вашингтон шу вақтга қадар 90 фоиз ҳарбий контингентини олиб чиққан. Режага кўра, Америка Афғонистонни тарк этиш жараёнини жорий йилнинг 31 августига қадар якунламоқчи. Италия ва Германия эса Афғонистонни бутунлай тарк этишга улгурган.
Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши қўшни давлатларни ҳам хавотирга солмоқда. Жумладан Эрон, Туркманистон, Ўзбекистон ва айниқса Тожикистон Афғонистондаги кескинликдан безовта. Тожикистонга Афғонистон ҳудудидан нафақат ҳарбийлар, балки тинч аҳолининг ҳам қочиб ўтиш ҳолатлари кузатилди.
Қўшимча маълумот учун, АҚШ ва унинг бошчилигидаги ҳарбий иттифоқ — НАТО кучлари 2001 йилнинг октябрь ойида Афғонистонга қўшин киритганди. Бунга 2001 йилнинг 11 сентябрида Америкада амалга оширилган террорчилик ҳаракатлари сабаб бўлган.
LiveБарчаси