Россияда Instagram’нинг аналогини синовдан ўтказиш бошланди
Технология
−
31 Март 2022
10955Россияда мамлакатда блокланган Instagram’нинг аналоги синовдан ўтказилмоқда. “Яндекс”нинг собиқ ходими ишлаб чиққан ижтимоий тармоқ Now деб номланади. Бу ҳақда “Известия” хабар берган.
Таъкидланишича, Now’да етти соат ичида 10 000 дан ортиқ фойдаланувчилар рўйхатдан ўтган. Қайд этилишича, Instagram’нинг аналогини яратиш учун компьютер технологиялари соҳасида катта назарий ва амалий тажриба керак бўлади.
“Ва биз буни қиляпмиз”, дейилади ижтимоий тармоқ хабарида.
Now жамоасининг асосчиси ва раҳбари дастурчи Дмитрий Марининдир.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 28 март куни Россияда “Россграм” ижтимоий тармоғи ўз ишини бошлаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 21 март куни Facebook ва Instagram ижтимоий тармоқларига эгалик қилувчи Meta компанияси Москванинг Твер суди томонидан экстремистик ташкилот деб тан олинган эди.
Meta компаниясига тегишли Instagram ва Facebook ижтимоий тармоқлари фаолияти ҳам экстремистик деб тан олинган. Бу қарор WhatsApp мессенжерига таъсир қилмайди. Бундан ташқари, фуқаролар ва ташкилотлар Facebook ва Instagram’дан фойдаланганликлари учун экстремизмда айбланиб жавобгарликка тортилмайди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.