Жарима 1,4 трлн доллар: 29 штат Meta’ни судга берди

Технология

image

АҚШнинг 29 та штати Meta Platforms компаниясини Facebook ва Instagram платформалари болалар ҳамда ўсмирларда қарамлик келтириб чиқарадиган ва уларнинг руҳий саломатлигига салбий таъсир кўрсатадиган тарзда ишлаб чиқилганида айблаб, судга даъво аризаси киритди. Юзага келиши мумкин бўлган жариманинг умумий суммаси 1,4 триллион долларгача етиши мумкин. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Қайд этилишича, бугун, 18 август куни Калифорния федерал судида ушбу иш бўйича суд жараёни бошланган. 29 та штатдан иборат икки партиявий коалицияга бошчилик қилаётган Колорадо, Калифорния, Нью-Жерси ва Кентукки адвокатлари Оклендда саккиз нафар судьялар ҳайъати олдида кириш сўзлари билан чиқиш қилади. Судьялар ҳайъати маслаҳатчилик функциясини бажаради, якуний қарорни эса федерал судья Ивонна Гонсалес Рожерс чиқаради.

Тўртта штат Meta’ни Facebook ва Instagram’ни болалар ҳамда ўсмирларда қарамлик келтириб чиқарадиган қилиб ишлаб чиққанликда ва платформаларнинг хавфсизлиги бўйича фойдаланувчиларни чалғитганликда айбламоқда.

Шунингдек, барча 29 та штат Meta’ни болаларнинг шахсий маълумотларини ноқонуний йиғиш ва улардан фойдаланишда айбламоқда, бу эса даъвогарларнинг фикрича, федерал қонунчиликни бузиш ҳисобланади.

Жараён давомида Meta асосчиси ва бош ижрочи директори Марк Цукерберг кўргазмали тушунтриш бериши кутилмоқда. Шунингдек, Instagram раҳбари Адам Моссери ҳам чиқиш қилади.

Meta интернетда болалар хавфсизлигини таъминлаш учун сезиларли ҳаракатларни амалга оширганини билдирмоқда. Компания вакиллари платформаннг хавфсизлиги бўйича фойдаланувчиларни чалғитмаганини ва штатлар реал зарар етказилгани ҳақида исботлар тақдим этмаганини таъкидламоқда.

Meta эҳтимолий жарималар миқдори 1,4 триллион долларгача етиши мумкинлигидан огоҳлантирган. Шу билан бирга, штатлар бош прокурорлари ҳозирча талаб қилинаётган аниқ суммани очиқламаган ва эшитувларда бу сумма тахминан 200 миллиард долларни ташкил этиши мумкинлигини билдирган.

Колорадо, Кентукки, Калифорния ва Нью-Жерси бош прокурорлари, шунингдек, суддан Meta’га ёш чекловларини жорий этиш, лентани чексиз варақлаш функциясидан воз кечиш ва бутун мамлакат бўйлаб платформалар ишига бошқа ўзгартиришлар киритишни мажбурий юклашни сўрамоқда.

Даъво аризаси 2023 йилда Instagram ва Facebook’нинг ёш фойдаланувчиларга таъсири бўйича штатлараро текширувдан сўнг топширилган. Ушбу текширув Meta’нинг собиқ ходими Фрэнсис Хаугеннинг баёнотларидан сўнг бошланган. 2021 йилда АҚШ Сенатидаги эшитувларда у компания ўз маҳсулотларининг ёш фойдаланувчиларга етказадиган эҳтимолий зарари ва уларни хавфсизроқ қилиш йўллари ҳақида билганини, аммо фойдани ошириш мақсадида тегишли ўзгаришларни киритмаганини маълум қилган.

Судда штатлар Meta’нинг ички ҳужжатлари ва тадқиқотларини, шунингдек, компаниянинг собиқ ходимлари ва экспертларнинг кўргазмаларини тақдим этиши кутилмоқда.

“Reuters”нинг ёзишича, Meta, шунингдек Snap, TikTok ва YouTube қонунчилар ва судлар томонидан ортиб бораётган босимга дуч келмоқда. 29 штатни қамраб олган ушбу даъво ёш фойдаланувчиларга етказилган эҳтимолий зарар сабабли ижтимоий тармоқларга қарши очилган минглаб ишлардан бири ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Лос-Анжелес суди Alphabet (Google эгаси) ва Meta технологик гигантларига қарши даъво аризаси билан чиққан калифорниялик 20 ёшли фуқаронинг иши бўйича қарор қабул қилганди. Унга кўра, судьялар ҳайъати Meta даъвогарга камида 2,1 миллион доллар товон тўлаши кераклиги ҳақида қарор чиқарган. Google компаниясига нисбатан эса ҳукм камида 900 минг доллар тўлашни назарда тутади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг