Россия “зэк”ларни ҳам Украинадаги урушга торта бошлади – ОАВ

Олам

image

Россияда Украина ҳудудидаги жанговар ҳаракатларда қатнашиши учун тергов ҳибсхонасида сақланаётган гумонланувчи ва судланувчиларни жалб қилиш бошланди. Бу ҳақда ҳуқуқ фаоли ва “Русь сидящая” жамғармаси асосчиси Ольга Романова маълум қилди, деб хабар берди “Медуза”.

Романованинг сўзларига кўра, жиноят ишлари тўхтатилмоқда. Ҳуқуқ ҳимоячиси Москва вилоятидаги бир нечта тергов ҳибсхоналаридаги аниқ ҳолатлар ҳақида маълумотга эгалигини таъкидлаган, бироқ бу “ҳамма жойда бошланганини” тахмин қилган.

Gulagu.net лойиҳаси асосчиси Владимир Осечкин бундай амалиёт мавжудлигини тасдиқлаган. Унинг сўзларига кўра, лойиҳанинг ишонч телефонига Москва ва минтақада, Санкт-Петербург, Рязан, Твер ва Брянскда шу каби ҳолатлар ҳақида маълумот келиб тушган.

Июль ойи бошида оммавий ахборот воситаларида “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси (ХҲК) Россия колонияларидаги маҳбусларни ёллаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўла бошлади. “Руси сидящей” ва “Верстки” маълумотларига кўра, хусусий ҳарбий компания вакиллари мамлакатнинг 13 минтақасидаги 21 колонияга ёлланма аскар қидириб борган.

“Медиазонанинг хабар беришича, “Вагнер” ХҲК эгаси деб ҳисобланувчи тадбиркор Евгений Пригожин колониядаги маҳбусларни урушга жалб қилиш учун шахсан ўзи борган. Ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш эвазига маҳбусларга 100 минг рубль миқдорида маош, мукофотлар, вафот этган тақдирда оиласига тўловлар ва кейинчалик амнистия таклиф қилинган.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

36

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг