Россия Запорожьени қўшиб олиши учун илк расмий қадам ташланди

Олам

image

Украинанинг Россия томонидан эгалланган Запорожье вилоятининг расмий Москва томонидан тайинланган раҳбари Евгений Балицкий минтақанинг Россия таркибига қўшилиши масаласи бўйича референдум ўтказиш тўғрисидаги буйруқни имзолаганини маълум қилди.

“Мен Марказий сайлов комиссиясининг Запорожье вилоятини Россия Федерациясига бирлаштириш бўйича референдум ўтказишга тайёргарлик кўришни бошлаш ҳақидаги буйруқни имзолаяпман”, дейди у “Биз Россия биланмиз” форумида.

Форумда референдум тўғрисидаги резолюцияни Запорожье вилояти ҳарбий-фуқаролик маъмурияти (ҲФМ) бош кенгаши аъзоси Владимир Рогов ўқиб эшиттирган.

“Биз, форум иштирокчилари, келажагимизни Россия билан боғлаётганимизни эълон қиламиз. Тарихий адолатни тиклаш вақти келди”, деган Рогов.

У Запорожье вилояти Россиянинг бир қисми сифатида ҳар қандай тажовуздан ҳимояланишига ишонч билдирган.

“Эркин танлов тамойилидан келиб чиқиб, минтақамизнинг ҳар бир фуқаросининг фикрини асосий қадрият деб билган ҳолда, биз Запорожье вилоятининг Россия Федерацияси таркибига тўла ҳуқуқли субъект сифатида кириши бўйича референдум ўтказиш ниятимиз борлигини эълон қиламиз”, дея у резолюция матнини келтирган.

Аввалроқ Украинанинг Россия томонидан эгалланган Херсон ва Запорожье вилоятларини ўз таркибига бирдан қўшиб олишга уриниши мумкинлиги ҳақида хабар берган эдик.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

34

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг