Россия Еленовкадаги қирғинни текшириш учун БМТ ва Қизил Хоч қўмитасидан экспертлар чақирди 

Олам

image

Россия Украинанинг Донецк вилоятининг Волноваха туманидаги Еленовка аҳоли пунктида жойлашган украиналик ҳарбий асирлар, шу жумладан “Азов” тузилмаси жангарилари сақланадиган тергов изоляторига қилинган ҳужумни текшириш учун БМТ ва Халқаро Қизил Хоч қўмитасидан экспертларни таклиф қилди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги хабар берди.

“Россия Федерацияси Еленовкадаги тергов изоляторига уюштирилган ва кўп сонли украиналик ҳарбий асирларнинг ўлимига сабаб бўлган ҳужумни холисона суриштирув ўтказиш манфаатларидан келиб чиқиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Халқаро Қизил Хоч қўмитаси экспертларини расман таклиф қилди”, дейилади вазирлик хабарида.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 29 июль куни Донецк вилоятининг Волноваха туманидаги Еленовка аҳоли пунктида жойлашган украиналик ҳарбий асирлар, шу жумладан “Азов” тузилмаси жангарилари сақланадиган тергов изоляторига ракета ҳужум уюштирилди. Оқибатда тергов изоляторида бўлган 193 кишидан 53 нафари вафот этган.

Россия Мудофаа вазирлигининг расмий вакили Игорь Конашенков ҳужумни Украина ҳарбийлари уюштирганини айтди. Унинг сўзларига кўра, ракеталар тунда HIMARS ялпи реактив ҳужум тизимларидан отилган.

Украина томони эса бунга тескари баёнот билан чиқди. 

Украина Президенти Владимир Зеленский Еленовкадаги терактни изоҳлаб, яна бир бор Россияни терроризмга ҳомийлик қилувчи давлат сифатида тан олиш зарурлигини таъкидлади. 

Ҳар икки томон бир-бирини айблаётган вақтда Халқаро Қизил Хоч қўмитаси вакиллари Еленовкага бориш истагини билдириб, Донецкдаги тегишли тузилмаларга мурожаат қилди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

29

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг