Еленовкадаги қирғин: Россия ва Украина ўнлаб ҳарбий асирлар ўлдиришида бир-бирини айблаяпти
Олам
−
30 Июль 2022
8330Кеча, 29 июль куни Украинанинг Донецк вилоятининг Волноваха туманидаги Еленовка аҳоли пунктида жойлашган украиналик ҳарбий асирлар, шу жумладан “Азов” тузилмаси жангарилари сақланадиган тергов изоляторига ракета ҳужум уюштирилди. Сўнгги маълумотларга кўра, тергов изоляторида бўлган 193 кишидан 53 нафари вафот этган.
Россия Мудофаа вазирлигининг расмий вакили Игорь Конашенков ҳужумни Украина ҳарбийлари уюштирганини айтди. Унинг сўзларига кўра, ракеталар тунда HIMARS ялпи реактив ҳужум тизимларидан отилган.
Украина томони бунга тескари баёнот билан чиқди. Украина Қуролли кучлари Бош штаби Россия расмий Киевни “ҳарбий жиноятлар” содир этишда айблаш, маҳбусларни қийнаш ва қатллар изини яшириш мақсадида қасддан изоляторга ҳужум қилганини айтмоқда. "Азов" раҳбари Андрей Белецкий изолятордагиларни ўлдиришда иштирок этган ҳар бир жиноятчи учун "ов" эълон қилди.
Ҳар икки томон бир-бирини айблаётган вақтда Халқаро Қизил Хоч қўмитаси вакиллари эса Еленовкага бориш истагини билдирди.
"Биз Еленовка изоляторидаги фожиа ҳақида биламиз. Фотосуратларни кўрдик. Лекин ўша пайтда бизнинг вакилларимиз йўқ эди, шунингдек биз маълумот оладиган мустақил вакиллар ҳам йўқ... Биз Донецкдаги тегишли тузилмаларга мурожаат қилиб, имкон қадар тезроқ у ерга етиб боришга ёрдам беришларини сўрадик”, дейди ташкилот вакили.
Унинг сўзларига кўра, Қизил Хоч вакиллари Еленовкага биринчи навбатда, у ерда сақланаётган ярадор Украина фуқароларига ёрдам бериш, шунингдек иложи бўлса, уларни эвакуация қилиш учун бормоқчи.
Украина Президенти Владимир Зеленский Еленовкадаги терактни изоҳлар экан, яна бир бор Россияни терроризмга ҳомийлик қилувчи давлат сифатида тан олиш зарурлигини таъкидлаган.
"Бу Россияни қасддан қилган ҳарбий жинояти, украиналик ҳарбий асирларни қасддан қириў. 50 дан ортиқ киши ҳалок бўлди", дейди Зеленский.
Шунингдек, Украина Мудофаа вазири Алексей Резников ҳам ҳолатга муносабат билдириб, Россия жанг майдонида мағлуб бўлиши кераклигини айтиб ўтган.
"Еленовкадаги изоляторнинг Россия томонидан ўққа тутилиши – украинлар қирғини. Украиналик ҳарбий асирларнинг қийноққа солиниши ва ўлдирилиши Женева конвенцияларининг бузилиши ҳисобланади. Россия – муросасиз террорчи давлат, уни жанг майдонида мағлуб этиш керак", дейди Резников.
Россия томонидан Давлат думаси спикери Вячеслав Володин ҳам ҳолатни изоҳлар экан бунда биринчи навбатда Украина раҳбари Владимир Зеленский ва Вашингтонни айблади.
Володиннинг фикрича, “Азов” батальонининг асирга олинган жангарилари сақланаётган Еленовкадаги тергов изоляторига ҳужум улар устидан трибунал ўтказилишига йўл қўймаслик мақсадида уюштирилган.
"Еленовкадаги тергов изоляторига ракета ҳужуми ортида Президент Зеленский ва Вашингтон турибди. Бу битта мақсад билан қилинган: асирга олинган нацистлар – азовликлар гувоҳлик берадиган Нюрнбергдаги янги суд жараёнининг олдини олиш", деган у.
Дума спикерининг ишонч билан айтишича, Вашингтон ва Киев Европа давлатлари ҳамда АҚШ фуқаролари улардан юз ўгирмасликлари учун жиноятларига гувоҳ бўлганларни йўлларидан олиб ташлашмоқда.
“Жангариларнинг ўз ваҳший жиноятларини очиқчасига тан олиши “НАТОга аъзо бир қатор давлат раҳбарларини жиноий жавобгарликка тортиш талабини чиқариши муқаррар”, дейди у.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси