Россия ЕИга қарши санкцияларни кенгайтирди

Олам

image

Россия Федерацияси Европа Иттифоқига, жумладан, Иттифоқнинг олий ҳарбий раҳбариятига ва Украинага ҳарбий маҳсулотлар етказиб беришда иштирок этган бошқа шахсларга нисбатан санкцияларни кенгайтирди. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлигининг бугун, 7 сентябрь куни тарқатилган баёнотида айтилади.

“Чекловлар, хусусан, Европа Иттифоқининг олий ҳарбий раҳбариятига, ЕИга аъзо давлатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг юқори мартабали ходимларига, Украинага ҳарбий маҳсулотлар, қурол-яроғ ва ҳарбий техникани етказиб бериш билан шуғулланувчи Европа тижорат ташкилотлари вакилларига нисбатан қўлланилади”, дейилади хабарда.

Вазирликнинг таъкидлашича, Европа Иттифоқи ва унинг алоҳида аъзо давлатлари Киев режимига ҳалокатли қурол ва ҳарбий техника етказиб бермоқда, улар фуқаролик инфратузилмаси ва муҳим объектларни ўққа тутишда фойдаланилмоқда, бу эса можаро зонасида гуманитар вазиятни янада мураккаблаштириб, бутун Европа қитъасини хавф остига қўяди.

“Бу Европа Иттифоқи Украина ва Европада тинчлик ўрнатишга сармоя киритмоқчи эмаслигини, улар можарони чўзиш йўналишини сақлаб қолишини кўрсатади. Европа Иттифоқи мамлакатлари аҳолиси бундай жанговар сиёсат учун ўз чўнтакларидан тўлашга мажбур”, дейилади ҳисоботда.

Вазирлик санкциялар рўйхатига киритилган шахсларнинг Россияга кириши тақиқланганини ва Россия ТИВнинг тегишли нотаси Европа Иттифоқи ваколатхонасига топширилганини маълум қилди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

18

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг