Россия яна олти давлатни “денацификация” қилиши айтилди
Олам
−
26 Март 2022
63843Украина Президенти девони раҳбарининг маслаҳатчиси Михаил Подоляк Россия яна олти давлатни “денацификация” қилишни хоҳлаётганини айтди. Бу ҳақда у Twitter’да ёзиб қолдирган.
“Россия Федерацияси “демилитаризация ва денацификация бўйича глобал ҳарбий операция” доирасида Польша, Болтиқбўйи давлатлари ва Қозоғистонга кенг кўламли ҳужум уюштирадиганга ўхшайди”, деб ёзган у.
Подоляк бу ҳақда бир кун аввал россиялик депутат Сергей Савостянов маълум қилганини эслатган.
“Ҳаммаси энди бошланмоқда. Европаликлар қони кўп бўлади, руслар очиқчасига ваъда беришмоқда”, дея қўшимча қилган у.
Аввалроқ, 25 март куни Россия Федерацияси Коммунистик партиясидан Москва шаҳар думаси депутати Сергей Савостянов “Украинанинг демилитаризацияси ва денацификацияси Украина, Россия ва бутун Европа халқлари учун барқарор хавфсизликни таъминлайди”, деган баёнот билан чиққан эди.
“Россия Федерациясининг хавфсизлигини таъминлашнинг янада тўлиқ жараёни учун Украинадан ташқари, Болтиқбўйи давлатлари [Литва, Латвия, Эстония], Польша, Молдова ва Қозоғистонни денацификация ва демилитаризация зонасига киритиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайман”, деган Савостянов.
Қайд этиш керакки, Россия Президенти Владимир Путин жорий йилнинг 24 февраль куни Украинани денацификация ва демилитаризация қилиш учун “махсус операция” – уруш бошланганини маълум қилганди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси