Россия ва Украина ўт очишни тўхтатиш режасини тайёрлади – FT
Олам
−
16 Март 2022
17606Буюк Британиянинг Financial Times газетасининг ёзишича, Россия ва Украина делегациялари можарога барҳам бериш режасини тайёрлаган. Келишув Киевнинг бетарафлиги ва Украина Қуролли Кучларининг қисқариши шарти билан ўт очишни тўхтатиш ва рус қўшинларини олиб чиқиш каби 15 банддан иборат.
Таъкидланишича, режа Украинанинг НАТОга аъзо бўлишдан бош тортишини назарда тутади ва Украина АҚШ, Буюк Британия ва Туркия каби иттифоқчилардан ҳимоя эвазига бошқа давлатларнинг ҳарбий базаларини жойлаштирмаслик мажбуриятини олади.
Ҳозирча музокараларда Россия ёки Украина томонидан бундай режа тайёрлангани ҳақида ҳеч қандай расмий тасдиқ бўлмаган.
Украина билан музокаралардаги Россия делегацияси раҳбари, Президент ёрдамчиси Владимир Мединский бугун, 16 март куни музокараларда Украинанинг нейтрал мақомини сақлаб қолиш ва ривожлантириш, мамлакатни қуролсизлантириш, шунингдек, армия кўлами билан боғлиқ бир қатор масалалар муҳокама қилинаётганини маълум қилганди. Унга кўра, Украина томони “нейтрал демилитаризация қилинган давлатнинг Австрия ва Швеция версиясини, шу билан бирга ўз армияси ва флотини сақлаб қолишни” таклиф қилмоқда.
Аввалроқ РФ Президенти Владимир Путин Москвага мавжуд муаммоларни тинч йўл билан ечишга йўл қолдирилмагани сабаб Украинага қарши "махсус операция" бошланганини айтиб ўтганди.
Кеча, 15 март куни Украина Президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк Россия қўшинларини мамлакатдан олиб чиқиш муҳокама қилинаётгани ҳақида маълумот берганди.
"Музокаралар давом этмоқда. Асосий музокаралар майдончаси бўйича маслаҳатлашувлар қайта тикланди. Музокаралар ўтказишнинг асосий масалалари, ўт очишни тўхтатиш ва мамлакатимиз ҳудудидан қўшинларни олиб чиқиш муҳокама қилинмоқда”, деб ёзганди у ўзининг Telegram-каналида.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси