Россия ва Украина гуманитар йўлакларни очмоқда
Олам
−
08 Март 2022
6468Россия томони “сукунат режими”ни эълон қилиб, 8 март куни Москва вақти билан соат 10:00 дан бошлаб Украинада гуманитар коридорларни тақдим этишга тайёр. Бу ҳақда Россия Федерацияси Миллий мудофаа назорати маркази негизида ташкил этилган Украинадаги гуманитар ёрдам кўрсатиш бўйича Россия Федерациясининг идоралараро мувофиқлаштирувчи штабида маълум қилинди.
“2022 йил 8 март куни соат 10:00 дан (Москва вақти билан) Россия Федерацияси сукунат режимини эълон қилади ва гуманитар йўлакларни тақдим этишга тайёр: Киев ва унга туташ аҳоли пунктларидан Россия Федерациясига Беларусь Республикаси ҳудуди орқали Гомелгача. Украина томони билан келишилган ҳолда”, дейилади баёнотда.
Шунингдек, Черниговдан Беларусь ҳудуди орқали, Суми шаҳридан икки йўналиш бўйича Полтава ва Россия ҳудудига, Харьковдан Россия ҳудудига ёки Львов, Ужгород, Ивано- Франковскга гуманитар йўлаклар очилади. Шунингдек, Мариуполдан Россия ҳудудига ва Запорожега икки йўналиш бўйлаб гуманитар йўлак очилади.
Украина бош вазири ўринбосари Ирина Верешчук Киев ҳам бугун, 8 март куни Сумидан Полтавага гуманитар йўлак бўйлаб ҳаракатланишни таъминлашга тайёрлигини эълон қилди.
Украина ҳарбийлари Киев вақти билан соат 9:00 дан 21:00 гача (Москва вақти билан 10:00 дан 22:00 гача) сукунат режимини жорий қилди. Гуманитар йўлак бўйлаб ҳаракат Киев вақти билан эрталаб соат 10:00 да (Москва вақти билан 11) бошланади.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси