Россия Ўзбекистонда дрон ишлаб чиқармоқчи
Жамият
−
29 Апрель
9167Россиянинг учувчисиз ҳаво тизимлари ишлаб чиқувчиси бўлган “Транспорт будущего” компанияси жорий йил охиригача Ўзбекистонда фуқаролик дронлари ишлаб чиқарувчи корхонани ишга туширади. Бу ҳақда компания бош директори Юрий Козаренко кеча, 28 апрель куни “ИННОПРОМ. Марказий Осиё” халқаро саноат кўргазмасининг ялпи мажлисида маълум қилди.
“Биз бозорни таҳлил қилдик ва айта оламизки, ҳозирданоқ ўн минглаб дронларни иқтисодий жиҳатдан самарали тарзда бозорда қўллаш мумкин. Бу эса юқори даромад олиш имконини беради. Биз ҳозирда Ўзбекистон Республикасида қураётган қўшма корхона шу йил охиригача ишга тушади. Ишлаб чиқариладиган маҳсулот ҳажми 100 миллион доллардан ошади. Бу фақат биринчи босқич бўлиб, маҳсулотнинг камида 50 фоизи Ўзбекистон ҳудудида маҳаллийлаштирилади. Бу – дронларни лойиҳалаш, ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланиш тизимини ўз ичига олган лойиҳа”, деди у.
Козаренконинг айтишича, дронлардан фойдаланиш учун Россиянинг Росавиацияси ва Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлиги (Ўзавиация) билан ҳамкорликда катта ҳажмда иш олиб бориш зарур.
“Бу дронлар хавфсиз ва иқтисодий жиҳатдан самарали ишлаши учун керакли инфратузилмани яратишни ўз ичига олади. Бу ишни биз ўз зиммамизга олдик ва уни республикадаги ҳамкорлар билан биргаликда олиб боряпмиз”, дея таъкидлади у.
Козаренко дронлар бўйича қўшма илмий-техник кенгаш тузиш таклифини изоҳлар экан, бундай кенгаш фақат жорий эҳтиёжларга жавоб берадиган маҳсулотларни маҳаллийлаштириш эмас, балки келажак ҳақида фикр юритиш имконини беришини қайд этди.
“Келажакда эса нафақат технологиялар ва технологик етакчилик, балки фанга ва таълимга янги ёндашувлар ҳам муҳим. Бу оддий таълим эмас, балки юқори самарали таълим тизими бўлади. Бу ерда ҳар бир бизнес ўз маблағини янги инсон салоҳиятини ривожлантиришга нима учун сарфлаётганини аниқ тушунади”, деди у.
Билдирилишича, “Транспорт будущего” компанияси Ўзбекистонга Россия Федерацияси нафақат технология етказиб берувчи, балки технология ва тайёр маҳсулот олувчи ҳамкор бўлиши мумкин бўлган қўшма лойиҳаларни амалга оширишни таклиф қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 28 апрель куни Тошкент шаҳрида иш бошлаган “ИННОПРОМ. Марказий Осиё” бешинчи халқаро саноат кўргазмасига ташриф буюргани хабар қилинганди. Кўргазмада машинасозлик, электротехника, металлургия, кимё саноати, транспорт, қурилиш, IT ва бошқа тармоқлардаги етакчи корхоналарнинг технологик ечимлари, замонавий ускуналари ва тайёр саноат маҳсулотлари намойиш этилган. Тадбир доирасида Ўзбекистон Президенти Россия Ҳукумати Раисининг биринчи ўринбосари Денис Мантуров бошчилигидаги делегация билан учрашувлар ўтказганди.
LiveБарчаси