Мирзиёев “ИННОПРОМ” халқаро кўргазмасини кўздан кечирди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 28 апрель куни Тошкент шаҳрида иш бошлаган "ИННОПРОМ. Марказий Осиё" бешинчи халқаро саноат кўргазмасига ташриф буюрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Кўргазма “Central Asian Expo Uzbekistan” мажмуасида ўтказилмоқда. Экспозициянинг умумий майдони 18 минг квадрат метрдан зиёд. Унда Россия, Марказий Осиёдаги қўшни давлатлар, Хитой, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлардан 10 мингдан ортиқ делегатлар иштирок этмоқда.

Кўргазмада машинасозлик, электротехника, металлургия, кимё саноати, транспорт, қурилиш, IT ва бошқа тармоқлардаги етакчи корхоналарнинг технологик ечимлари, замонавий ускуналари ва тайёр саноат маҳсулотлари намойиш этилмоқда.

Павильонлар ва экспозицияларни кўздан кечириш чоғида давлат раҳбари иқтисодий кооперация учун катта салоҳият ва янги бизнес ғоялар ишлаб чиқиш учун яхши имкониятлар мавжудлигини алоҳида таъкидлади.

Форум янги йирик лойиҳаларни илгари суришга суръат бағишлаши, узоқ муддатли шериклик алоқаларини ривожлантириш ва ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилишига ишонч билдирилди.

Тадбир доирасида Ўзбекистон Президенти Россия Ҳукумати Раисининг биринчи ўринбосари Денис Мантуров бошчилигидаги делегация билан учрашувлар ўтказди.

Россия делегацияси раҳбари Шавкат Мирзиёевга Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Ўтган йил май ойида Россия Президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи якунида эришилган келишув ва битимларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Товар айирбошлашнинг ўсиш суръати сақланиб қолмоқда, икки мамлакат ҳудудларини фаол жалб этган ҳолда муҳим кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, кооперация лойиҳалари ва дастурларини илгари суриш, шу жумладан "Иннопром" форуми доирасида ўзаро мувофиқлашган ечимларни ишлаб чиқиш муҳимлиги таъкидланди.

Татаристон Раиси Рустам Минниханов билан учрашувда етакчи корхоналарнинг саноат кооперациясини ва фаол гуманитар алмашинувни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Жадал мулоқотларни давом эттириш, нефть-газ, кимё, транспорт, туризм ва бошқа соҳаларда, шу жумладан Ўзбекистон ҳудудларидаги саноат зоналари доирасида қўшма лойиҳаларни илгари суришга келишиб олинди.

Шунингдек, давлат раҳбари давра суҳбатида иштирок этди. Унда икки мамлакат ҳудудлари ва етакчи компаниялари раҳбарлари кооперация лойиҳаларини амалга ошириш бўйича аниқ режаларни тақдимот қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев ИННОПРОМ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг