Россия Украинанинг нечта ҳарбий объектини йўқ қилгани очиқланди

Олам

image

“Махсус операция” бошланганидан бери Россия қуролли кучлари Украинадаги 2900 дан ортиқ ҳарбий инфратузилма объектларини йўқ қилган. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги расмий вакили генерал-майор Игорь Конашенков маълум қилди.  

Унга кўра, Украина ҳарбий инфратузилмасига зарбалар бериш давом этмоқда. 

“Операция давомида Украинанинг жами 2911 та ҳарбий инфратузилма объекти йўқ қилинди. Улардан: 97 та самолёт, 107 та дрон, 141 та ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизими, 86 та радиолокация пости, 986 та танк ва бошқа зирҳли жанговар техника, 107 та реактив тизимлар, 368 дала артиллерияси ва миномётлар, 749 дона махсус ҳарбий машиналар”, деган генерал.

Шу ўринда рус ҳарбийлари фуқаролик инфратузилмаларига ҳам зарар етказаётганини қайд этиш лозим. Хусусан, кеча, 9 март куни Мариуполда туғуруқ комплексига артиллериядан ҳужум қилинди. Натижада тиббиёт муассасаси вайрон бўлди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

44

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг