Россия Украинанинг қанча аскарини йўқ қилгани очиқланди

Олам

image

Россиянинг Украинага ҳужуми давомида 14 000 украин ҳарбийлари ҳалок бўлган. Бу ҳақда Россия Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиғининг биринчи ўринбосари, генерал-полковник Сергей Рудской маълум қилган.

Генерал-полковникка кўра, бир ой давомида Украина ҳарбийлари ўртасидаги йўқотишлар тахминан 30 минг кишини ташкил этган, шу жумладан 14 мингдан ортиғи ҳалок бўлган ва 16 мингга яқини ярадор ёки касал, вақтинча жанговар қобилиятини йўқотган.

Айтиш жоизки, Киев жорий йилнинг 12 март куни украиналик ҳарбийлар ўртасидаги йўқотишлар ҳақидаги маълумотларни тақдим этганди. 

Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг сўзларига кўра, ўша пайтда Россия ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан бери 1,3 минг аскар ҳалок бўлган.

Россия Мудофаа вазирлиги эса уруш бошланганидан бери Украинанинг 261 та учувчисиз самолёти, 204 та зенит-ракета мажмуаси, 1587 та танк ва бошқа жанговар зирҳли техникаси, 163 та РСЗО, 636 та дала артиллерияси ва миномётлари йўқ қилинганини маълум қилганди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

108

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг