Россия Украинанинг бошқа ҳудудларига ҳам кўз тикмоқда

Олам 11449
image

Агар Украина Ғарб давлатларидан узоқ масофага мўлжалланган қуролларни олса, “махсус ҳарбий операция”нинг географик мақсадлари ўзгаради. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров “Россия сегодня” медиа гуруҳи газеталари бош муҳаррири билан суҳбатда маълум қилди.

“Агар Ғарб Киевни узоқ масофага учувчи ракеталар билан таъминласа, Украинадаги махсус операциянинг географик мақсадлари янада узоқроққа сурилади. Энди фақат ДХР ва ЛХР эмас, балки Херьсон ва Запорожье вилоятлари ҳамда бошқа бир қатор ҳудудлар ҳам қамраб олинади”, деган Сергей Лавров.

Унинг қўшимча қилишича, Ғарб Украинага узоқ масофага учувчи қуролларни кўпайтирар экан, “махсус операция”нинг географик мақсадлари ҳозирги чизиқдан янада узоқлашади.

Вазирнинг тушунтиришича, Россия Украина ҳудудининг “Зеленский томонидан назорат қилинадиган ёки унинг ўрнини босадиган” қисмида Россия ҳудуди ва мустақиллигини эълон қилган республикаларга таҳдид соладиган қуролларга эга бўлишига йўл қўя олмайди.

Унга кўра, Россия ва Украина делегациялари ўртасида март ойи охирида Истанбулда бўлиб ўтган музокаралар чоғида бошқа география мавжуд эди. 

“Украина таклифини қабул қилишга тайёрлигимиз ўша географияга, 2022 йил март ойининг охиридаги географияга асосланган эди”, дея тушунтирди Лавров.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 16
Рейтинг: 3.1
t
×