Россия Украинани абадий йўқотди – Зеленский

Олам

image

Россия Укранинани бутунлай йўқотди. Украина Президенти Владимир Зеленский халқига видеомурожаатида шундай баёнот билан чиқди.

Зеленскийнинг таъкидлашича, Россиянинг муаммоси шундаки, бутун Украина халқи уни қабул қилмаяпти ва ҳеч қачон қабул қилмайди.

“Россия қўшинларининг Азов минтақасини, Донбассни, Харьковни босиб олиш учун қилаётган шафқатсизлиги бу ҳудудларнинг ва бу одамларнинг келажакда бу давлат билан алоқада бўлиш имкониятларини тугатади. Россия Украинани абадий йўқотди. Россия бутун дунёни йўқотди. Уни энди ҳеч қаерда қабул қилишмаяпти”, дея қўшимча қилди Украина Президенти.

Зеленский 918 та аҳоли пункти рус босқинчиларидан озод қилингани, 338 тасида гуманитар штаблар иш бошлагани, миналардан тозалаш ишлари олиб борилаётгани, электр, сув ва газ таъминоти тикланаётганини қўшимча қилган. Полиция, почта, давлат ва маҳаллий ҳокимият органларининг ҳам иши тикланган.

Владимир Зеленский бутун дунёни Россия энергия ресурсларидан воз кечишга чақирди.

“Демократик дунё Россияга қарши нефть эмбаргоси ва унинг банк секторини тўлиқ блокировка қилиш тинчлик сари мажбурий қадам эканлигини қанчалик тез тан олса, уруш шунчалик тезроқ тугайди. Демократик дунё Россиянинг энергия ресурслари учун пуллари аслида демократияни йўқ қилишга ажратилган маблағ эканига қарор қилиши керак”, деган Зеленский.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

73

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг